ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ДЕМОКРАТИК ҒОЯЛАРНИНГ АМАЛДАГИ ЯНА БИР ИФОДАСИ БЎЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони  Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ билан “Янги Ўзбекистон” – “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим ДОНИЁРОВ суҳбати.

 

-Зайниддин Маҳаматович, аввало, Марказий сайлов комиссиясида иш қизғин тус олаётган шу кунларда ушбу мулоқотга вақт ажратганингиз учун газетхонларимиз номидан билдираётган самимий миннатдорлигимизни қабул қилинг.

- Раҳмат! Ишимиз кундан кунга қизиб бораётгани тўғри. Бу – табиий. Шундай бўлиши керак ҳам.  Чунки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланганидек, жорий йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президент сайлови бўлиб ўтади.

Бўлажак сайловни миллий сайлов қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юқори ташкилий даражада ўтказиш Марказий сайлов комиссияси олдида турган энг муҳим вазифадир.

Комиссиянинг шу йил 14 апрель куни бўлиб ўтган мажлиси ана шу йирик сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланди ва уни журналистлар ва блогерлар ҳам бевосита кузатиб борди.

Зеро, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан доимий мулоқот барча даражадаги сайлов комиссиялари раҳбарлари ва аъзоларининг бурчи,  вазифаси эканлиги маълум. Сайловни очиқ, ошкора ва адолатли ўтказишнинг муҳим шартларидан бири ҳам, аслида,  шу. Бу - Ўзбекистон миллий сайлов тизимида мустаҳкам қарор топган энг муҳим иш приципларидан биридир. 

 

Юксак тафаккур, юксак ишонч,

 юксак тараққиёт

-Марказий сайлов комиссиясининг Сиз қайд этган ўша мажлисида бўлажак сайловга тайёргарлик юзасидан тасдиқланган ҳужжатлар ва уларнинг муҳокамаси жараёнида айтилган фикрлар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Эринмасдан санадим, ўша кунлари мамлакатимиздаги ва хориждаги юзга яқин оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда ушбу тадбир тезкорлик билан ва батафсил ёритилди. Шарҳлар, суҳбатлар ва муҳокамалар эса давом этмоқда...

- Бу - Президент сайловига нафақат мамлакатимизда, хорижда ҳам қизиқиш тобора ортаётганидан яна бир ёрқин далолатдир. Чунки илғор демократик тамойиллар мустаҳкам қарор топиб бораётган янги Ўзбекистонда қонун устиворлигини ва инсон ҳуқуқларини, жумладан, фуқароларнинг  сайлов ҳуқуқини амалда кенг таъминлашга қаратилган  буюк ўзгаришларни жаҳон ҳамжамияти улкан қизиқиш ва ҳайрихоҳлик билан кузатиб турибди.

Президент сайлови юксак сиёсий тафаккур маҳсули - мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  ўз ифодасини топган  илғор демократик ғоялар рўёбининг, Ўзбекистоннинг юксак тараққиётига халқимиз билдирадиган қатъий ишончнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади.

Сайловга тайёргарлик жамиятни демократлаштириш жараёнлари тобора кенгайиб, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг роли юксалиб бораётган ҳамда миллий сайлов тизимини модернизация қилиш ишлари жадаллашган шароитда амалга оширилмоқда.

Ишонч билан айтишимиз мумкинки, ўз олдига мамлакат тараққиётини янги, янада юқори босқичига кўтаришдек буюк мақсадни қўйган янги Ўзбекистонда Президент сайлови бу йил янги миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида ва бутунлай янги шароитда ўтади.

Бунинг учун Ўзбекистонда барча ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилган: умумэътироф этилган асосий халқаро сайлов стандартлари ва нормалари имплементация қилинган миллий сайлов қонунчилиги ҳам,  сайловларни ўтказиш борасида кўп йиллик миллий тажриба ҳам, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳам бор.

Энг муҳими, халқаро экспертлар эътироф этганларидек,  Ўзбекистон раҳбарининг миллий анъаналар ва замонавий демократия ғояларига улкан садоқати, кучли сиёсий иродаси, катта донишмандлик билан узоқни кўзлаб юритаётган аниқ ва дадил сиёсий йўли мавжуд.

Марказий сайлов комиссиясининг 14 апрелдаги мажлисида кўриб чиқилган масалалар ҳақида сўз юритишдан аввал, юқоридаги фикрларимизнинг давоми сифатида, бир йирик ҳужжатга алоҳида тўхталиб ўтишимиз зарур, деб ўйлайман.

Бу – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенг таъминлашда муҳим аҳамиятга эга ҳужжат - шу йил 8 февраль куни имзоланган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун. Ушбу қонуннинг қабул қилинишида ўтган йилларда орттирилган миллий тажриба ҳамда халқаро кузатувчилар ва халқаро ташкилотлар, хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг мақбул тавсиялари инобатга олинган.

Миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга биноан, энди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари сайлови уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Шу боис октябрь ойида ўтадиган сайловга тайёргарлик кўришнинг дастлабки босқичи, яъни сайлов кампанияси эълон қилингунга қадар бўлган даврда, зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш барча сайлов ташкилотчилари зиммасига улкан масъулият юклайди.

Марказий сайлов комиссиясининг 14 апрель кунги мажлисида қабул қилинган барча ҳужжатлар орасида  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури алоҳида ўрин тутади.

Тизимли ва ўз вақтида

-Мазкур дастурда белгиланган вазифаларга батафсилроқ тўхталиб ўтсангиз. Қолаверса, мажлисда сайловга оид бошқа ҳужжатлар ҳам тасдиқланган эди.

- Беш бўлимдан иборат Асосий тадбирлар дастуридан илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш борасида Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тизимли равишда ва қадамба-қадам амалга ошириладиган ишлар батафсил ифодасини топган. Бажариладиган вазифларнинг ижро муддати ва масъул ижрочилари  аниқ белгиланган.

Булар - сайловга тайёргарлик кўриш жараёнини ҳуқуқий ва услубий жиҳатдан таъминлаш, сайлов жараёни ташкилотчиларини ўргатиш
ва малакасини ошириш, сайловга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ташкилий ва молиявий, сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш,
сайлов жараёни даврида ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш масалаларига оид тадбирлардир.

Марказий сайлов комиссиясининг шу муносабат билан  тасдиқланган ва расмий elections.uz веб-сайтида ўша куниёқ эълон қилинган қарорида бўлажак сайловга тайёргарлик кўришга оид энг муҳим вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва сайловга доир бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларини сайловчиларга кенг тушунтириш, аҳолининг сайлов жараёнидан хабардорлигини, сайловга ишончини ва дахлдорлигини оширишга қаратилган тадбирларни самарали ташкил этиш шулар жумласидандир.

Айни пайтда сайлов ташкилотчилари томонидан бўлажак сайловга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тайёргарлик кўриш ҳамда сайловнинг миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу муҳим сиёсий кампанияда янги Ўзбекистонда сайловчиларнинг, барча фуқароларининг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, фуқаролик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этиши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади.

Педагогик малакага эга етук мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда, сайлов комиссиялари аъзолари ва ташкилотчиларининг сайлов қонунчилиги бўйича билимини ошириш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ҳамда сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга доир кўникмаларини тизимли тарзда мустаҳкамлаш ҳам доимий эътибор қаратиладиган муҳим масалалардандир.

Ўн марта эшитгандан -

 бир марта кўрган афзал!

Шу мақсадда  барча округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзолари учун семинар-тренинглар, ўқув машғулотлари, конференциялар, давра суҳбатлари, онлайн мулоқотлар ўтказилади. Зарур рисолалар, видеороликлар, ишчи дафтари (қўлланмалар), инфографик материаллар тайёрланади. Маърузабозликдан кескин воз кечилиб, замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол усулларга эътибор кучайтирилади. Зеро, ўн марта эшитгандан - бир марта кўрган афзал, деган нақлда ҳикмат кўп.

Бундай материаллар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтига  жойлаштирилиб, сайлов комиссиялари аъзоларига онлайн билим олиш имконияти яратилади. Шунингдек, “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилади. Мазкур марказга тушадиган саволларга сайлов қонунчилиги бўйича малакали  экспертлар ва мутахассислар тезкорлик билан жавоб беради.

Кенг кўламдаги тушунтириш ишлари сайлов кампаниясининг барча иштирокчилари, энг аввало, сиёсий партиялар, сайловга тайёгарлик кўриш ва уни ўтказишда иштирок этадиган барча ташкилий тузилмалар ўртасида қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилиш масалаларини қамраб олади.

Таъкидлаш зарурки, сайлов кампанияси жараёнига аралашиш, қонунчилик ҳужжатлари талабларини четлаб ўтиш, бузиш мақсадида қилинган ҳар қандай уринишларга нисбатан қонунга мувофиқ чоралар кўрилади.

-Сиз қайд этган “сайлов ташкилотчилари”  ўзи кимлар?

-Булар, энг аввало, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларидир. Зеро, сайловни ўтказиш айнан ана шу бўғин ташкилотчиларидан катта билим ва масъулият талаб этади. Улар сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаритишлардан яхши хабардор бўлса, ахборот технологияларини амалда бемалол қўллай олса, сайловнинг муваффақияти шунчалик тўкис таъминланади. Сайловчилар учун ҳам, кузатувчилар учун ҳам – ҳамма учун қулай шароит яратилади.

Ушбу тадбирларнинг барчаси пировард натижада сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишига, мамлакатимизнинг халқаро демократия индексидаги кўрсаткичлари янада яхшиланишига, аҳолининг Президент сайловида фаол иштирок этиши ва юртимиз тақдири учун даҳлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади.

Бу сайловда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда кенг таъминланиши учун участка сайлов комиссияларидан то Марказий сайлов комиссиясигача – барча даражадаги сайлов комиссиялари, барча сайлов ташкилотчилари ўз ишини энг илғор демократик принциплар асосида ва юксак ташкилий даражада амалга оширишини талаб қилади.

- Гапингизга қараганда, сайлов комиссиялари аъзолари ва ташкилотчиларининг билимини оширишга энди педагоглар ҳам жалб этиладиган бўлибди-да?  

- Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, сайлов комиссиялари аъзоларини ўргатиш ва тайёрлаш жараёнида сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича бериладиган билимни тингловчиларга етказиш учун етук ҳуқуқшунос бўлишнинг ўзи камлик қилади. Семинарни олиб борадиган тренер одамлар билан мулоқотга киришар экан, нотиқлик санъати, педагоглик амалиётидан бохабар, аудиторияни ўзига жалб қила олиш салоҳиятига эга бўлиши ҳам зарур. Сайлов комиссиялари аъзоларини бир неча босқичдан иборат “каскад” усулида ўргатиш ва тайёрлашни ташкил этиш учун малакали мутахассислар танлашда ана шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратилади.

 

Вақт ғанимат

-Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайловига тайёргарлик кўриш борасидаги асосий тадбирларнинг ҳар қачонгидан пишиқ-пухта ва аниқ белгиланганини сезиш қийин эмас. Аммо ушбу вазифаларнинг энди ижроси қандай таъминланади? Ахир бунча ишни амалга оширишнинг ўзи бўлмайди!

- Фикрингиз тўғри. Аввало, белгиланган барча вазифаларнинг ижроси қатъий назоратда. Дастурнинг ижросини таъминлашда Марказий сайлов комиссияси билан бирга йигирмага яқин мутасадди вазирлик, ташкилот, агентлик, илмий ва таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этади. Чунки, Дастурнинг ва  мажлисда тасдиқланган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишда ушбу ташкилотларнинг фикрлари, таклифлари ва ижро масъулияти инобатга олинган.

Марказий сайлов комиссиясининг қарори  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари, мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилиши зарур.

Кези келди, эслатиб ўтаман: Сайлов кодексининг 16-моддасига биноан Марказий сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорларининг ижроси округ ва участка сайлов комиссиялари, давлат органлари, сиёсий партиялар ҳамда бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун мажбурийдир.

Қайд этишимиз зарурки, сайловга тайёргарлик ишлари барча йўналишлар бўйича жадал бошланди. Муаммо чиқса, тегишли  вазирлик, идора ва ҳокимликлар билан биргаликда ўша заҳоти ҳал этиш чоралари кўрилаётир. Ҳамкорларимиздан бизни қўллаб-қувватлаётганлари учун миннатдормиз.

Зеро, эндиги вазифа - ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, унда белгиланган тадбирларнинг ижросини собитқадамлик билан таъминлашдан иборат. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган жорий йилнинг октябрь ойигача вақт жуда оз қоляпти. Амалга ошириладиган ишларимиз эса кўп.

 

Пандемия ва сайлов

-Дастурда белгиланган тадбирларнинг ижросини таъминлашда пандемия туфайли юзага келган мураккаб шароит қай даражада ҳисобга олинган? Сўнгги кунларда бу борадаги ташвишли хабарлар яна кўпайди. Ҳатто Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, коронавируснинг тарқалиш тезлиги пандемия бошлангандан буён энг юқори чўққисига яқинлашмоқда, деб баёнот берди.

-Ўтган йили бутун дунёни забтига олган пандемия таҳдиди мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган ва кўрилаётган изчил чора-тадбирлар самарасида анча сусайган бўлса-да, ундан бутунлай қутулганимиз йўқ. Аксинча, хорижда коронавируснинг янги штамплари пайдо бўлиб, жаҳон аҳлини, мамлакатимиз жамоатчилигини ҳам яна жиддий хавотирга сола бошлади. Бундай шароитда санитария-гигена ва карантин қоидаларига қатъий амал қилмасдан сайловга тайёргарлик кўриш ҳам, сайловни ўтказиш ҳам қийин.

-Айниқса, оммавий тадбирларни ўтказганда

-Тўғри таъкидладингиз. Сайлов бир кунда ўтадиган йирик сиёсий тадбир экани маълум. Лекин у кўпчиликнинг сайъ-ҳаракати билан амалга оширилади. Сайловга ойлаб, ҳатто йиллаб тайёргарлик кўрилади. Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайловига тайёргарлик бўйича асосий тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши жараёнида пандемия туфайли юзага келиши мумкин бўлган шароит алоҳида ҳисобга олинганини таъкидлашимиз жоиз.

Марказий сайлов комиссияси томонидан Соғлиқни сақлаш ва Адлия вазирликлари билан ҳамкорликда пандемия шароитида сайловни ташкил этиш ва ўтказишни назарда тутувчи тегишли ҳужжат лойиҳасини тайёрлашга киришилди. Унда пандемия шароитида сайлов ўтказган хорижий давлатларнинг тажрибаси ҳам инобатга олинади. Халқимизнинг сиҳат-саломатлиги ва хавфсизлиги – муҳим.

 

Энг қуйи бўғиндан юқоригача

-Сайловга тайёргарлик кўриш жараёнини ҳуқуқий ва услубий жиҳатдан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида нималар дея оласиз?

- Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Асосий тадбирлар дастури билан бирга, комиссия аъзолари томонидан тўртта низом лойиҳаси ҳам батафсил муҳокама қилинди ва тасдиқланди. Веб-сайтимизда ўша куни эълон қилинди.

Шундай бўлса-да, фурсати келганда, алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлган  бир масалага такроран тўхталиб ўтмоқчиман. Бу- сайлов участкаларини тузиш ва шакллантириш. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, бу йилги сайловда тузиладиган 10 мингдан ортиқ сайлов участкасида 130 мингдан кўпроқ одам иш олиб боради.

Сайлов кодексига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкаларини  туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади.

Сайлов кодексига биноан,  участка сайлов комиссиялари сайловга камида 60 кун қолганда тузилади. Лекин бу борадаги тайёргарлик ишларини жойларда кечикмасдан, ҳозирдан,  бошлаш зарур.  Комиссия аъзолигига номзодларни таклиф қилишда ва танлашда эътибор бериладиган муҳим жиҳатлар кўп.

Сайловчилар ҳам, халқаро кузатувчилар ҳам, энг аввало, участка сайлов комиссияларининг фаолиятига қараб сайловга баҳо беради. Овоз бериш жараёнини сайлов участкаларида кузатади.

Сайлов участкаларида сайловчилар зарур ахборотларни олиши, эркин овоз бериши  учун сайлов қонунчилигида қатъий белгилаб қўйилган барча шароитлар яратилиши шарт. 

 

Янги Ўзбекистон: демократия

 ва фаровонлик йўлидан

Аслини олганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови – қайси ташкилотда ишлашимиздан қатъи назар, сайловни ташкил этувчилар учун ҳам, сайловда иштирок этадиган сиёсий партиялар учун ҳам, сайловчилар учун ҳам, журналистлару блогерлар учун ҳам – барчамиз учун ғоят катта масъулиятдир.

Президент сайловини барчамиз аҳоли фаровонлигини ошириш  мақсадида демократия йўлидан оғишмай бораётган Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган дадил ислоҳотлар бераётган юксак самараларнинг қадрига етиб, аҳил-иноқликда, тинчлик-осойишталикда, миллий сайлов қонунчилигимизга  риоя қилган ҳолда, муваффақиятли ўтказсак, жаҳон ҳамжамияти олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлади.  Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янада ошади. Одамларимизнинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланади. Эл-юртимиздаги қут-барака бардавом бўлади.

Бу шарафли ва ғоят масъулиятли йўлда барчамизга Омад ёр бўлсин!

 

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси,

2021 йил 20 апрель. 

20.04.2021 174