Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишга оид концепция тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепциясини тасдиқлади.

Марказий сайлов комиссияси яқинда қабул қилган ва ижросига жадал киришилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурида сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини ошириш ва тайёрлашга доир муҳим вазифалар белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 27 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиши шу масалага бағишланди. Мажлисда Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси лойиҳаси муҳокама қилинди.

Видеомулоқот  шаклида ташкил этилган тадбирда Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва ходимлари, илмий ва олий таълим муассасаларининг сайлов ҳуқуқи бўйича экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев олиб борди.

Тадбирда қайд этилганидек, жорий йилда бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўриш ва уни умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида ўтказиш учун сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича билим ва амалий кўникмаларини оширишга янгича ёндошилади.

Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси сайлов жараёни иштирокчиларининг сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича кўникма ва малакасини, сайлов жараёнлари соҳасидаги ҳуқуқий билимини мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Жараён уч босқичда рўёбга чиқарилади. Биринчи босқич ташкилий-услубий ишларни қамраб олади. Бунда ўқув режалари ва ўқув-услубий материаллар тайёрланади, тренерлар таркиби шакллантирилади, “Saylov2021” мобил иловаси ишлаб чиқилади. Иккинчи босқичда сайлов қонунчилиги бўйича тренерлар ва сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг (аъзоларни) малакасини ошириш ва тайёрлаш режалаштирилган. Учинчи босқич сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида ишлаш бўйича тренерлар ва сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тайёрлашни назарда тутади.

Машғулотларда замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол усулларга эътибор кучайтирилиб, симуляция, сайлов жараёнларини моделлаштириш, видеодарс, видеоролик, сайловга оид савол-жавоблар, тест усуллари фаол қўлланилади.  

Таъкидлаш жоизки, Концепцияни ишлаб чиқишда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистонда сайловларни кузатиш бўйича Миссияси Якуний ҳисоботида ўз ифодасини топган мақбул тавсиялар ҳисобга олинган.

Жумладан, сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишда “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий амал қилишнинг, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамиятини кенг тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишда сайловчилар рўйхати билан ишлаш, шу жумладан сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби ҳақидаги машғулотлар ҳам ўрин олган.

Кенг кўламдаги тушунтириш ишлари сайлов жараёни иштирокчиларининг сайловга оид билим ҳамда кўникмаларининг ошиши, шунингдек, сайлов тизими ва амалиётининг янада такомил топишига хизмат қилади.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси, ўртасида мазкур концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик юзасидан келишув имзоланди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

27.04.2021 628