Президент сайлови ва ёшлар фаоллиги

Сайлов – мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги энг муҳим сиёсий жараёнлардан бири. Ҳар бир сайловчининг овози замирида мамлакатнинг эртаси, авлодлар келажаги ва фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳақ-ҳуқуқлари мужассам.

Сайлов–2021 

Шунинг учун ҳар бир фуқародан сайлов жараёнларида юксак мулоҳазакорлик ва мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларга даҳлдорлик туйғуси талаб этилади. Негаки, халқ кимгаки юксак ишонч билдирса, эртага у бутун мамлакат тақдирини белгилаб берувчи жараёнларни бошқаради. Шу сабабли мамлакатимиз аҳолиси жорий йилнинг кузида кутилаётган Президент сайлови жараёнларига ҳар қачонгидан катта қизиқиш билдираётгани табиий.

Ҳар бир миллатнинг, мамлакатнинг эртаси, келажак тақдири ёш авлоднинг қўлида эканлиги сир эмас. Шу сабабли, ёшларнинг сиёсий ижтимоий фаоллиги давлат аҳамиятига молик масалалардандир. Шукрки, мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшлар сиёсатига эътибор сезиларли даражада кучайди. 2016 йилнинг 14 сентябрида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Ушбу қонун йиллар давомида мавҳум бўлиб келган ҳуқуқий тушунчаларга аниқлик киритиш билан бирга, ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йилнинг 20 апрелъ куни қабул қилинган “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони бу борадаги ишларнинг узвий давомидир.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш, улар муносиб даромад олиши учун қўшимча шароитлар яратиш, бу борада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ушбу мўътабар ҳужжат мамлакатимизда ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодасидир.

2019 йили мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” ғоясига монанд ўтказилган сайловларда ёшларнинг фаоллиги ҳар қачонгидан юқори бўлди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 7 миллион 162 минг 316 нафари ёки 34,7 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этди. 2 млн.га яқин 18 ёшга тўлган фуқаро сайловларда илк бор иштирок этди. Айни пайтда 30 ёшгача бўлган 14 нафар йигит-қиз сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод сифатида кўрсатилди. Улардан 9 нафари депутат этиб сайланди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларига 26 нафар, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига 291 нафар йигит-қиз депутат этиб сайланди.

Ёшлар сайлов жараёнларининг ташкилий ишларида ҳам доим фаол. 2019 йилги сайловлар жараёнларида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 144 нафари ҳамда участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 20 394 нафари 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар эди. Жорий йил мамлакатимизда ўтказиладиган Президент сайловида ёшлар фаоллиги ўтган сайловлардан ҳам кўпроқ бўлиши кутилмоқда.

Сайловчиларнинг қарийб учдан бири ёшларни ташкил этаётган шароитда ёшларга бўлган ёндашувнинг замонавий усулларини жорий этиш аҳамиятга эга. Нафақат сайлов ёшидаги, балки ҳали сайлов ёшига етмаган ўғил-қизларга ҳам мамлакатимизда барча соҳаларда, жумладан, миллий сайлов тизимида амалга оширилаётган дадил ислоҳотларнинг юксак самаралари ҳақида тушунчалар бериш, уларни сайлов жараёнлари билан ҳозирдан таништириб бориш зарур. 

Зотан, бугунги мактаб ўқувчиси эртанги фаол сайловчидир. Бунда ёшларни ёш категориялари бўйича саралаб, сегмент-гуруҳлар бўйича ишлаш яхши натижа беради, деган умиддамиз. Ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали ёшларнинг сайлов қонунчилиги бўйича билимини ошириш ҳам доим долзарб масаладир. Шунингдек, уларга жойларда ўтказиладиган тадбирлар орқали сайлов қонунчилигининг ўзига хос хусусиятлари ва мазмун-моҳиятини тушунтириш, йигит-қизларни фаол фуқаролик позициясида тарбиялаш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Бундай тадбирлар ёшларимизнинг сиёсий онгини ҳамда билимини янада оширишга кўмак беради.

Ўз ҳақ-ҳуқуқи ва бурчларини чуқур англаб етган авлод мамлакатимиз – Янги Ўзбекистоннинг тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган фаол қатламга айланади.

Равшан Бурҳонов, талаба

Манба: ЎзA

04.05.2021 242