Марказий сайлов комиссияси Раисининг халқаро анжуман доирасидаги учрашувлари

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев “Сайловлар жараёнлари технологиялари ва сайловлар мониторинги” мавзусида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида давом этаётган халқаро илмий-амалий анжуман доирасида бир қатор учрашувлар ўтказди. Жумладан, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгашининг Бош котиби Дмитрий Кобицкий билан ана шундай учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида З.Низамходжаев Бош котибга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ишларининг бориши  ва мамлакатимиз миллий сайлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. 

Д.Кобицкий МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши  томонидан Ҳамдўстлик мамлакатларидаги сайловларни кузатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси мониторинг гуруҳи МДҲ парламентлари ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Котибиятидан тажрибали кузатувчиларни ўз сафига бирлаштиришини таъкидлади.  Бош котиб кузатув географияси сезиларли даражада кенгайганига эътиборни қаратди: кузатув нафақат сайлов ўтказаётган давлат ҳудудидаги сайлов участкаларида, балки ўша мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳузурида тузиладиган сайлов участкаларида ҳам олиб борилади.     

Марказий сайлов комиссияси Раиси жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун   МДҲ Парламентлараро Ассамблеясидан кузатувчилар гуруҳини таклиф қилди.    

Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев МДҲ Ижроий қўмитаси Раиси – Ижроий котибининг биринчи ўринбосари Виктор Гуминский билан ҳам учрашув ўтказди.

В.Гуминский МДҲ Ижроий қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарларининг маслаҳат кенгашини тузиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Ўзбекистон томонидан  ишлаб чиқилган Маслаҳат кенгашига оид низом лойиҳаси МДҲга аъзо давлатларга кўриб чиқиш учун юборилганини маълум қилди. Унинг қайд этишича, мазкур низом лойиҳасини янада такомиллаштириш ва келишиш бўйича экспертлар гуруҳининг мажлиси 2021 йилнинг 30 июнь куни видеоконференция шаклида ўтказилади.    

Марказий сайлов комиссияси Раиси МДҲ Ижроий қўмитасига ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирар экан,  мазкур кенгаш МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, МДҲ давлатларида сайловлар ва референдумлар ўтказиш учун сайлов қонунчилиги, сайлов жараёнлари ва сайлов технологиялари соҳасида халқаро стандартларга асосланган ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга хизмат қилишини таъкидлади.   

Учрашувлар амалий руҳда ўтди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

14.05.2021 69