Пандемиядан сўнг демократияни янада мустаҳкамлаш: МСК вакиллари Сеул Халқаро форумида қатнашди

13 май куни Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси томонидан “Пандемиядан сўнг демократияни янада мустаҳкамлаш” шиори остида Сеул Халқаро форуми ўтказилди. Онлайн шаклида ўтган анжуманда Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясига (А-WEB) аъзо мамлакатларнинг сайлов органлари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакиллари ҳам иштирок этди.


Сайлов бўйича Сеул Халқаро форуми 2015 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинади. У сайлов соҳасидаги халқаро экспертлар, сайловларни бошқариш органлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этадиган муҳим тадбирдир. Форумнинг асосий мақсади ҳам сайлов соҳасидаги экспертларни тўплаш, фаол мунозаралар ва тақдимотлар орқали миллий сайловлар тизимларини ва глобал демократияни ривожлантиришга қаратилган чораларни излаб топишдан иборат.


Форум давомида демократияни пандемия инқирозидан олиб чиқиш ва сайловларда ижтимоий тармоқларнинг муносиб ролини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Биламизки, пандемия туфайли кўплаб давлатлар сайловларнинг ўтказилиш муддатини кечиктиришга мажбур бўлди. Сайловга оид қонун ҳужжатлари ҳам пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинди. Форумнинг биринчи сессияси айни шу масалага қаратилди ва демократия инқирози ва сайловларга бўлган ишончни мустаҳкамлашга бағишланди. 


Бугун ижтимоий тармоқлар – дунёда содир бўлаётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисаларни тарқатишнинг энг фаол манбаларидан бирига айланиб бормоқда. Интернет тармоғи орқали юз бераётган кундалик янгиликлардан нафақат хабардор бўлиш, балки уларни танишлар билан бўлишиб, фикр алмашиш борасида ҳам кундан-кунга имкониятлар ошиб бораяпти. Форумнинг муҳокамалар марказидаги мавзулар қаторидан сайловлар борасидаги янгиликлар ҳам четда қолаётгани йуқ. Дарҳақиқат, ҳозир ижтимоий тармоқлар сайловолди ташвиқотининг асосий манбаларидан бирига айланиб улгурди.


Шундан келиб чиқиб, форумнинг иккинчи сессияси иштирокчилари сайлов даврида ижтимоий тармоқ платформаларининг роли ва вазифаларига оид масалаларни кўриб чиқдилар. Мутахассислар томонидан сайловларда ижтимоий медиа платформасининг ўрни ва мажбуриятлари, шунингдек ижтимоий тармоқларда вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш йўллари ҳақида фикр юритилди.


Форумда фейк, яъни ёлғон хабарларга қарши курашишда воқеа ва ҳодисалар, аҳолининг фикр-мулоҳаларини ҳам ҳолис, ҳам тезкор ёритиш энг мақбул чора эканлиги қайд этилди.

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати

13.05.2021 64