Латвия Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси иштирокида учрашув бўлиб ўтди

2021 йил 12 март куни МСК раиси З.Низамходжаевнинг Латвия Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Кристине Берзиня билан билан онлайн учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда, Латвия МСК Халқаро алоқалар бўлими бош мутахассиси Татьяна Кастена, Ўзбекистон томонидан МСК аъзоси Г.Раҳимова ва МСК Котибияти халқаро ҳамкорлик бўлими етакчи маслаҳатчиси И.Убайдуллаева иштирок этди.

Учрашув икки давлатнинг сайловлар тизимидаги ислоҳотлар ва сайлов органлари фаолияти билан танишиш мақсадида ташкил этилди.

Кристине Берзиня З.Низамходжаевни Ўзбекистон Республикаси МСК раиси лавозимини эгаллаганлиги билан табриклаб, илиқ фикрларини билдириб ўтди.

МСК раиси ўз навбатида сўнгги вақтларда Ўзбекистон сайлов тизимидаги ўзгаришлар ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот бериб, 2019 йил парламент сайловларини ташкиллаштириш ва ўтказишда олиб борилган фаолиятни танқидий нуқтаи назардан ўрганган ҳолда таҳлилий ахборот, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари бўйича таклифлар кенг жамоатчиликка эълон қилинганлиги ҳақида қайд этиб ўтди.

Шунингдек, жорий йилнинг февралида қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун моҳиятига  тўхталиб ўтилди.

Ўз навбатида К.Берзиня Латвия МСК томонидан амалга оширилаётган ишлар, жумладан жорий йилнинг 5 июнида бўлиб ўтадиган маҳаллий ҳокимият органлари сайловларига тайёргарлик кўриш борасида Латвия қонунчилигидаги ўзгаришлар билан таништириб ўтди. Хусусан, сайловларда биринчи маротаба сайлов участкаларида сайловчиларнинг онлайн рўйхатдан ўтказилиши режалаштирилганлиги ҳамда чет элдаги Латвия фуқароларининг почта орқали овоз беришлари борасидаги ўзгаришлар хусусида сўз юритди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик ва алоқаларнинг мустаҳкамланишидан мамнун эканликларини билдириб ўтдилар.

12.03.2021 74