Марказий сайлов комиссияси Раиси Жиззахда ҳудудий семинар-тренинг тингловчилари ҳузурида сўзга чиқди

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий  сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низомходжаев Тошкент ва Сирдаё  вилоятларида бўлиб, сайлов комиссиялари аъзоларининг малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида бутун мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган семинар-тренинглардаги машғулотлар жараёни билан танишди.

Жиззах давлат педагогика институтида  давом этаётган ҳудудий семинар-тренинг иштирокчилари билан 20 май куни бўлган ана шундай мулоқот чоғида ҳам Президент сайловини миллий сайлов қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида белгиланган муҳим вазифаларнинг ижроси ҳақида сўз борди.

 

 

Президент сайловига нафақат мамлакатимизда, хорижда ҳам қизиқиш катта, деб таъкидлади З.Низамходжаев. Чунки илғор демократик тамойиллар мустаҳкам қарор топиб бораётган Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг  сайлов ҳуқуқини амалда кенг таъминлашга қаратилган  улкан ўзгаришларни жаҳон ҳамжамияти доимий қизиқиш ва ҳайрихоҳлик билан кузатиб турибди.

Бундай буюк ўзгаришлар   сайлов ташкилотчилари томонидан бўлажак сайловга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида пухта тайёргарлик кўриш ҳамда сайловни юксак савияда ташкил этишни тақозо қилади. Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган ва ижроси жадал таъминланаётган Президент сайловига тайёргарлик кўриш борасидаги асосий тадбирлар дастурида бу йўналишдаги энг муҳим вазифалар белгиланган. Сайлов комиссиялари аъзолари ва ташкилотчиларининг сайлов қонунчилиги бўйича билимини ошириш ва кўникмаларини тизимли равишда мустаҳкамлаш ана шундай юксак вазифалардан.

Сайловни ўтказиш айнан ана шу бўғин ташкилотчиларидан пухта билим ва катта масъулият талаб этади, деб қайд этди Марказий  сайлов комиссияси Раиси ўз нутқида. Улар сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаритишлардан яхши хабардор бўлса, ахборот технологияларини амалда бемалол қўллай олса, Президент сайловининг муваффақияти шунчалик тўкис таъминланади. Сайловчилар учун ҳам, кузатувчилар учун ҳам – барча учун қулай шароит яратилади.

 

 

Жиззах вилоятида давом этаётган ҳудудий семинар-тренингларда ҳозиргича  жами 94 нафар тингловчи машғулотларда фол иштирок этиб, якуний тестларни муваффақиятли топширди.

МСК Раиси, шунингдек,  Жиззах вилоятидаги наъмунали жиҳозланган айрим сайлов участкаларини бориб кўрди. Уларда сайловчилар, участка сайлов комиссиялари аъзолари ва кузатувчилар учун яратилган шароит билан танишди. 

Ҳудудларда 17 май куни бошланган ва 29 майгача давом этадиган семинар-тренингларда Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган 56 нафар республика тренери вилоятлардаги 936 нафар ҳудудий тренер ва 346 нафар сайлов ташкилотчиси учун машғулотлар ўтказмоқда.

Тайёрланган ҳудудий тренерлар эса кейин туман ва шаҳарларга тақсимланиб, июнь-сентябрь ойларида участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига 32 мингдан ортиқ номзод учун машғулотлар ўтказади.  

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

21.05.2021 213