Президент сайлови: ҳар бир сайловчи – диққат-эътиборда

25 май куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувни имзолашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Мақсад  - жорий йилнинг октябрь ойида  бўлиб ўтадиган Президент сайлови жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштирган ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси Зайниддин Низамходжаев мамлакатимизда барча фуқароларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асосларлари ва самарали механизмлари умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида шакллантирилганини таъкидлади.

Бу давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида ҳам мустаҳкамланган. Сайлов кодексида ногиронлиги бўлган фуқаролар ўзининг конституциявий ҳуқуқи бўлмиш сайлов ҳуқуқини бошқа фуқаролар билан тенг ва эркин амалга ошириши учун зарур шароит ҳамда имкониятлар яратишга оид қоидалар ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Марказий сайлов комиссияси сайловларга тайёргарлик жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келади.

Айни кунларда сайлов участкалари биносини ва овоз бериш хоналарини танлаш ва жиҳозлашда Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигида белгиланган барча шарт-шароитларни, хусусан участка сайлов комиссияларининг жойлашган ери ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг овоз бериш жойига келиб-кетиши, бинога кириб-чиқиши, бино ичида ҳаракатланиши, эркин ва тўсиқларсиз овоз бериши учун ҳар томонлама қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, сайлов жараёнида сайлов участкаларига олиб борувчи кўрсаткичлар кўринарли жойга ўрнатилиши, участка сайлов комиссияси биносида сайлов куни малакали тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилишига эътибор қаратилади.

Сайлов комиссиялари таркибига ижтимоий фаол ногиронлиги бўлган шахсларни  киритиш ва уларнинг сайлов қонунчилигидан хабардорлигини оширишда ҳар томонлама кўмаклашилади. Сайловолди ташвиқотига оид телекўрсатувлар имо-ишора тили ва субтитр ёзувида бериб борилади.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси билан мазкур ташкилотлар ўртасида имзоланган келишув ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқларини самарали таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди. 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати

 

25.05.2021 280