ЎЗБЕКИСТОН – ГЕРМАНИЯ: САЙЛОВЛАР СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Германия Федерал Республикасининг сайловлар бўйича федерал вакили офиси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ўртасида видеомулоқот ўтказилди.

Онлайн учрашув сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда икки мамлакат сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча йўналишлар сингари, сайловлар соҳасида ҳам ривожланиб бораётгани ва бунда икки томонлама юксак даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

ГФРнинг сайловлар бўйича федерал вакили ўринбосари Хайн-Кристоф Хербертц Германия сайлов тизимининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берди. Мамлакатнинг қонун чиқарувчи ҳокимияти федерал, минтақавий ва маҳаллий парламентлардан иборат. Сайловда ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайловда сайловчилар тўғридан-тўғри овоз беради ва бир сайловчи бир овозга эга. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини эълон қилиш, Ўзбекистондаги каби, очиқ-ошкора амалга оширилади.

Федерал даражада ва федерал ерлар (ҳудудлар) даражасида асосан  сиёсий партиялар томонидан номзодлар кўрсатилади. Бундестагга – Германия олий қонун чиқарувчи органига – депутатлар тўрт йилга сайланади. Парламент аъзолари таркибининг ярми мажоритар тизимда сайланади.

Бундестагга сайлов кунини Федерал Президент тайинлайди: якшанба ёки қонун бўйича дам олиш куни этиб белгиланган сана сайлов куни деб белгиланиши мумкин. Сайловда сайловчи шахсан ўзи овоз беради. Сайловчилар рўйхатида қайд этилган  ёки овоз бериш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга фуқароларгина овоз бериши қонунан қатъий белгилаб қўйилган.

ГФР томони жорий йилнинг 24 сентябрь куни Германия парламентига сайловларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакилларини халқаро кузатувчи сифатида иштирок этишга таклиф қилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Баҳром Қўчқоров мамлакатимизда жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўрилаётган тайёргарлик жараёни,  миллий сайлов тизими ва сайлов қонунчилигидаги янгиликларга эътиборни қаратди.

Шу йилнинг 8 февраль куни қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сайловларни миллий сайлов қонунчилиги ва умум эътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида ўтказишда муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилаётир. Жумладан, Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига биноан сайлов жараёни иштирокчиларини  тизимли равишда ўқитиш, сайлов комиссиялари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш бу жараёнда муҳим аҳамият касб этмоқда.

ГФР сайловлар бўйича федерал вакили офиси вакиллари жорий йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этишга таклиф қилинди.  

Самимий тажриба аламашиш ва дўстона руҳда ўтган мулоқот чоғида келажакда ўзаро ҳамкорлик  ва тажриба алмашишни давом эттиришга келишиб олинди.   

 Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

28.05.2021 203