Сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини ошириш: навбат кейинги босқичга

Маълумки, сайлов жараёни кўп босқичли ташкилий тайёргарликни талаб қилади. Сайловларни қонунийлик, адолатлилик, холислик принциплари асосида ташкил этиш ва ўтказишда сайлов комиссиялари зиммасига катта масъулият юкланади.

Сиёсий жараёнда миллий сайлов тизимининг ажралмас бўғини ҳисобланган сайлов комиссияларининг алоҳида ўрни борлигини инобатга олиб, жорий йил 27 апрель куни  Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси тасдиқланди.

Сайлов жараёни ташкилотчилари ва иштирокчиларининг сайлов қонунчилиги ҳамда амалиётига оид билим ва амалий кўникмасини ошириш, ўқувларга юқори малакали экспертларни жалб этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳамда Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув  имзолади.

Концепцияда  Сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва сайловда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билими ҳамда амалий кўникмасини оширишга қаратилган семинар-тренингларни ташкил этиш ва ўтказишни уч босқичда амалга ошириш назарда тутилган. 

Шундан келиб чиққан ҳолда, Давлат бошқарув академияси, Тошкент давлат юридик университети  профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари орасидан юқори малакали экспертлар таркиби шакллантирилди.

Юқори малакали экспертлар томонидан МСК билан келишилган ҳолда ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материаллар тайёрланди. Таъкидлаш жоиз, ўқув-методик материалларни ишлаб чиқишда миллий сайлов қонунчилигининг энг муҳим жиҳатларига, шунингдек  ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистонда сайловларни кузатиш бўйича миссияси якуний ҳисоботида ўз ифодасини топган мақбул тавсияларга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишда “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий амал қилиш, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамиятини кенг тушунтириш, шунингдек, сайловчилар рўйхати билан ишлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш тартибини атрофлича ёритиш каби муҳим масалалар шулар жумласидандир.

Ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материаллар шай ҳолатга келтирилганидан сўнг, Республика штаби томонидан мамлакатнинг етакчи олий таълим профессор-ўқитувчилари орасидан 56 нафар республика тренерлари таркиби шакллантирилди ва улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига бириктирилди.

Ҳудудий тренерларга услубий ва амалий кўмак бериш ва таълим сифатини мониторинг қилишни ташкил этиш мақсадида Тошкент шаҳрида жойлашган етакчи олий таълим муассасаларининг 104 нафар профессор-ўқитувчиларидан иборат мониторинг гуруҳлари тузилди ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига бириктирилди. Шу билан бирга республиканинг 206 та туман (шаҳар)ларининг ҳар бирида  4 нафардан жами 824 кишилик  ҳудудий тренерлар  таркиби шакллантирилди.

Жорий йил 28 апрелдан 6 майга қадар Давлат бошқаруви академиясида сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар ва сайлов жараёни бошқа ташкилотчиларининг малакасини оширишда масъул бўлган 56 нафар республика тренери ҳамда масъул шахслар иштирокида семинар-тренингларнинг дастлабки босқичи ўтказилди.

Бу босқични амалга оширишга Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда етакчи таълим ва илмий муассасалари профессор-ўқитувчиларидан иборат катта салоҳиятли мутахассис-экспертлар жалб қилинди..

Тренинглар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, сайловни ўтказувчи сайлов комиссиялари тизими, ваколатлари ва вазифалари, сайлов жараёнида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва маҳаллий кузатувчиларининг иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, сайлов кунига тайёргарлик кўриш, сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш тартиби каби мавзулар қамраб олинди.

Семинар-тренинглар 15-21 кишилик кичик гуруҳларда ташкил этилиб, интерфаол усулларда, жумладан, маъруза, видео-дарс, сайлов жараёнларини моделлаштириш, тренинг, симуляция, баҳс-мунозара тарзида олиб борилди.

Давлат бошқаруви академиясида бошланган ушбу семинар-тренинглар сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар ва бошқа ташкилотчиларнинг сайлов қонунчилиги бўйича малакасини ошириш тизимининг дастлабки босқичи бўлди.

Республика тренерлари томонидан ҳудудий тренерлар учун ўқув машғулотларини ўтказиш мақсадида намунавий сайлов участкаси ҳамда иккита алоҳида аудитория ташкил этилиб, зарур жиҳозлар ҳамда дизенфекция воситалари билан таъминланди.

Машғулотлар интерактив усулда ташкил этилиб, иштирокчилар билан мулоқот, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш тарзида ўтказилди. Шунингдек, ҳар бир мавзу бўйича тайёрланган 15-20 дақиқалик видеодарслар ўқув жараёнида фойдаланиш учун ҳудудий тренерларга тақдим этилди.

17 майда бошланиб, 24 майга қадар давом этган семинар-тренингларда ҳар бир гуруҳ ўқув якуни бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Бош илмий-методик марказ негизида ишлаб чиқилган махсус таълим платформаси орқали тест топширди. Барча тингловчилар ўқув курсини муваффақиятли якунлади. Мониторинг гуруҳи ҳамда ҳудудий тренерлар томонидан тест натижалари таҳлил этилди.  

Қайд этиш жоиз, тайёрланган ҳудудий тренерлар эндиликда туман ва шаҳарларга тақсимланиб, июнь-сентябрь ойларида, Марказий сайлов комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган режа-график асосида, участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига 32 мингдан ортиқ номзод учун машғулотлар ўтказади.

 

Марказий сайлов комисссияси

Матбуот хизмати

28.05.2021 257