Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Оливье Шав билан учрашув

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев билан Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Оливье Шавнинг учрашувчи бўлиб ўтди.

Мулоқот Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида 2019-2021 йилларда Ўзбекистонда сайлов жараёнини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Таъкидланганидек, 2019 йил мамлакатимизда ўтган парламент сайловлари арафасида йўлга қўйилган ушбу ҳамкорликка биноан халқаро экспертлар томонидан сайлов жараёни иштирокчиларининг билим ва малакасини ошириш бўйича семинар-тренинглар ташкил этилган эди.

Мулоқот чоғида сайловларнинг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, жаҳонда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос ҳолда ўтишини, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгроқ таъминлаш борасида Ўзбекистонда қисқа муддат ичида юксак самарали ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган ва ижроси изчиллик билан таъминланаётган  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурига биноан амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.  

Швейцария элчиси, Ўзбекистон Республикасида миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш ҳамда демократлаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бераётган самараларга юксак баҳо берди.

Дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар икки давлатнинг сайлов органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини  янада  мустаҳкамлаш борасида фикр алмашди.

Онлайн мулоқотда, шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Х.Фрейзер, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска иштирок этди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг

Матбуот хизмати

08.06.2021 170