Халқаро матбуот марказида ёшлар билан учрашув

Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан эълон қилинган 2019 йил 20 октябрдан 20 ноябрга қадар “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” тадбирларида ёшлар вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Шу йил 2 ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро Матбуот марказида Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган бир гуруҳ ёшлар иштирокида сайлов жараёнини ёритаётган аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва Марказий сайлов комиссияси аьзолари билан учрашув ўтказилди.

Учрашув қатнашчилари дастлаб Халқаро матбуот марказида ташкил қилинган тезкор ахборот бериш маркази “Call center”  фаолияти билан танишдилар. Маьлумки, бу ерда ўрнатилган 1197 қисқа телефон рақамига мурожаат қилиш орқали республикамсизнинг исталган бурчагидан сайловга оид саволларга жавоб олиш мумкин.

Сўнгра, Халқаро матбуот марказидаги Хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналар ва ҳудудлардаги сайлов комиссиялари билан тўғридан-тўғри видеоконференц мулоқот ўтказиш учун мўлжалланган ва замонавий талабларга мос тарзда жиҳозланган йиғилишлар зали  ҳамда журналистлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

Ёш сайловчилар билан сайлов қонунчилиги бўйича мулоқот ўтказилди. Қайд этиш жоиз, Республикамиз аҳолисининг 60% дан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бу йилги сайловларда иштирок этиши кутилаётган 20,6 миллионга яқин сайловчининг 2 миллиондан зиёдини ҳам айнан илк маротаба овоз беришда қатнашувчи йигит-қизлар ташкил этади.

Миллий қонунчилигимизга биноан сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга. Сайлов куни 21 ёшга тўлган йигит-қизлар маҳаллий кенгашларга, 25 ёшдан эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиши мумкин.

Тадбирда жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнида округ ва участка сайлов комиссиялари таркибига ёшларни кўпроқ жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, бўлажак сайловларга хозирлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Тадбирда жамиятни янада янгилаш ва демократлаштириш фуқаролар сайлов ҳуқуқи амалга оширилиши билан узвий боғлиқ эканлиги қайд этилди. Таъкидландики, ҳар бир ёш ўз тақдирини юрт тақдири билан боғлар экан, ундаги сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этиши, давлат бошқарувида муносиб номзодни сайлаш орқали қатнашиши муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун ёшларнинг фаоллигини ошириш, сиёсий-ҳуқуқий билимини юксалтириш, сайлов кампаниясида фаол иштирокини таъминлаш зарур, дейишди сўзга чиққанлар.

Сайлов кодексида белгиланган сайлов принциплари, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи билан боғлиқ қоидалар, янгиликлар ва ҳар бир сайловчи билиши керак бўлган маьлумотлар, сайлов бюллетенларни тўлдириш тартиби ва ёш сайловчининг овоз беришда иштироки билан боғлиқ қоидалар батафсил тушунтирилди.

Мен бу йил биринчи марта сайловда қатнашаман, – дейди Мафтуна Хасанова- Жахон иқтисодиёти ва дипломатия университети 1 босқич талабаси – Бугунги тадбирда сайловда ҳар бир сайловчининг овози муҳим аҳамиятга эга эканини янада чуқур англадим. Биз, ёшларнинг замонавий билим ва касб сирларини пухта ўзлаштиришимиз, истеъдод ва салоҳиятимизни кенг намоён этишимиз учун барча шароит яратилган. Сайловда мамлакатимиз келажагини белгилашдек муҳим жараёнда ўз овозим билан қатнашиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман.

Марказий сайлов комиссиясининг ташаббуси билан ташкил этилган бугунги тадбир мамлакатимиз истиқболи ва тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшишга аҳд этган биз ёшларнинг мамлакатимиздаги сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатимизни шакллантириш, Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат ҳиссини кучайтириш, сайловларга муносиб тайёргарлик кўриш ва ушбу сиёсий жараён ҳақида илк бор иштирок этувчи ёш сайловчилар сифатида сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, ҳуқуқ ва бурчларимизни янада чуқурроқ англашга  қаратилгани билан аҳамиятлидир, дейди  Жахон иқтисодиёти ва дипломатия университети  1 курс талабаси Камронбек Давлатов.

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати

02.11.2019 281