Депутатликка номзодлар учун эслатма

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ВА ДЕПУТАТЛИККА НОМЗОДЛАРГА ЭСЛАТМА

I. САЙЛОВЛАРДА ИШТИРОК ЭТИШ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сайловида депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;

имзо варақалари.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида сайловида Депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

сайловда иштирок этиш тўғрисида сиёсий партиянинг тегишли вилоят, туман, шаҳар органи раҳбари томонидан имзоланган ариза;

сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлиги ҳақидаги маълумотнома.

II. ДЕПУТАТЛИККА НОМЗОДЛАР

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни эса тегишли вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияси амалга оширади.

Депутатликка номзод этиб рўйхатга олинган шахсга рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади.

Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.

Депутатликка номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддатда тегишли сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.

Рўйхатга олинган барча депутатликка номзодларлар тенг ҳуқуқларга эга бўлади.

Депутатликка номзодларлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радио орқали сўзга чиқиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Депутатликка номзодларлар рўйхатга олинганидан кейин сайлов округи доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма йўналишлари мустасно) текинга юриш ҳуқуқига эга. Сайлов округидан ташқарида яшовчи депутатликка номзод сайлов округига бориш ва яшаш жойига қайтиш учун уларда текинга юриш ҳуқуқидан фойдаланади.

Депутатликка номзодларларнинг хизмат сафари ва бошқа харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади.

Сиёсий партия у ёки бу шахсни депутатликка номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс тегишли сайлов комиссияси томонидан номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия депутатликка номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин.

Сиёсий партия фаолиятининг тугатилганлиги номзодни шу партиядан сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этади.

Депутатликка номзод сайловга қадар исталган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун у тегишли сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.

III. ДЕПУТАТЛИККА НОМЗОДЛАРНИНГ ИШОНЧЛИ ВАКИЛЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод 10 нафаргача, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзод 5 нафаргача, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгаши депутатлигига номзод 3 нафаргача ишончли вакилга эга бўлиши мумкин.

Ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Ишончли вакилларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасидаги сайлов билан боғлиқ сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади.

Депутатликка номзод рўйхатга олинганидан кейин ишончли вакилларини ўз хоҳишига кўра белгилайди ва уларни рўйхатга олиш учун тегишли округ сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.

Ишончли вакилнинг гувоҳномаси тегишли сайлов комиссияси раисининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади.

Депутатликка номзод сайловга қадар исталган вақтда ўз ишончли вакилини тегишли сайлов комиссиясига маълум қилган ҳолда ваколатидан маҳрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин. Ишончли вакил исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли.

Ишончли вакил:

депутатликка номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради;

депутатликка номзод сайланиши учун ташвиқот олиб боради;

давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Ишончли вакил бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.

Ишончли вакилга сайловолди ташвиқоти даврида:

ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш;

нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш;

сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), шу жумладан ахборот тармоқларига, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.

Ишончли вакил томонидан сайловга бир кун қолганида ва сайлов кунида ташвиқот олиб бориш тақиқланади.

IV. САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ

Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият.

Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар тегишинча Марказий сайлов комиссияси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи вилоят туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин тугайди.

 Депутатликка номзодларга ўзининг келгусидаги фаолияти дастурини, сиёсий партиянинг дастурини ва сайловолди платформасини ташвиқот қилиш ҳуқуқи берилади. Ташвиқот давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, урушни, миллий нафратни, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.

Сайловолди ташвиқоти:

сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;

депутатликка номзод ҳақида ахборот тарқатиб, уни ёқлаб овоз беришга чақириш шаклида ўтказилади.

Сайловолди ташвиқоти омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида (бундан буён матнда ОАВ деб юритилади) чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти:

ОАВ, шу жумладан телевидение, радио, газета ва журналлар, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи) орқали;

босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чоп этиш ҳамда тарқатиш;

сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Сайловолди ташвиқоти даврида уни олиб боришнинг Сайлов Кодексида тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.

Сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини ўтказишнинг турлари, шакллари ва усулларини мазмун-моҳиятини мустақил белгилайдилар.

Сайловолди ташвиқоти материаллари қуйидагилар ҳисобланади:

номзод учун овоз беришга чорловчи босма, кўргазмали, аудиовизуал материаллар;

номзодга оид плакатлар, баннерлар, варақалар;

ОАВда қўйиладиган номзод учун овоз беришга чорловчи видео ва аудио роликлар.

Депутатликка номзодларнинг автобиографик маълумотлари ва уларнинг сайловолди дастурлари тўғрисидаги тегишинча Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг ахборот материаллари (плакатлари) сайловолди ташвиқоти материаллари ҳисобланмайди.

Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга товарларни, хизматларни (ахборот хизматлари бундан мустасно) бепул ёки имтиёзли асосларда тақдим этиш, шунингдек пул маблағлари тўлаш орқали ўтказиш тақиқланади.

Нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқот ўтказишга йўл қўйилмайди.

Биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга илгари (сайлов кунидан икки кун олдин) жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материалларини сайлов куни ва овоз беришдан бир кун қолганида олиб қўйилиши мажбурий ҳисобланмайди.

Депутатликка номзодларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун маблағлар Давлат бюджетидан ажратилади. Депутатликка номзодларга бошқа манбалардан пул маблағларини ўтказиш (киритиш), товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклида молиявий таъминлаш ва бошқача тарзда молиявий қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

Сайловолди ташвиқоти бошлангунга қадар сиёсий партиялар томонидан ўзининг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисида тушунтириш ва тарғибот ишларини сиёсий партияни ёки унинг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этмаган (чақирмаган) ҳолда ўз маблағлари ҳисобидан, шу жумладан ҳомийлик маблағларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти ўтказилаётганда депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга бир хил ҳажмдаги эфир вақти ва чоп этиш майдони бепул тақдим этилиши орқали уларга давлат ОАВдан фойдаланишда тенг имконияти берилади.

Сайловолди ташвиқотини ўтказиш мақсадида ОАВдан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти:

Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловлар бўйича – сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партияларнинг республика органлари билан келишган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан;

Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари депутатлигига сайловлар бўйича – сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партияларнинг ҳудудий органлари билан келишган ҳолда вилоят сайлов комиссиялари томонидан;

Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига сайловлар бўйича – сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партияларнинг туман ва шаҳар органлари билан келишган ҳолда туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан белгиланади.

Бепул эфир вақтидан сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодлар оммавий дебатлар, мунозаралар, матбуот анжуманлари, интервью, чиқишлар, сайловчилар йиғилишлари, номзод тўғрисида роликлар жойлаштириш ва ҳоказолар учун фойдаланиши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти доирасида теле- ва радиоканалларда жойлаштиришга мўлжалланган материаллар тегишли теле- ва радиоканаллар билан ҳамкорликда номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан тайёрланади.

Тақдим этилган эфир вақтидан сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда, агар депутатликка номзодлар бундай тадбирларда қатнашишга рози бўлса, улар ўртасида оммавий дебатлар ва мунозаралар ўтказиш учун фойдаланилиши мумкин.

Депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, депутатликка номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар уларга тақдим этилган эфир вақтидан ва чоп этиш майдонидан эркин ва ўз ихтиёрига кўра фойдаланади.

Сиёсий партиялар билан ўзаро келишилган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларининг турлари, шакллари ва мазмун-моҳияти бирхиллаштирилиши мумкин.

Муайян депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга тақдим этилган бепул эфир вақтидан ёки чоп этиш майдонидан бошқа депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар фойдаланиши мумкин эмас.

Депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар бепул тақдим этилган эфир вақтидан ва чоп этиш майдонидан воз кечишга ҳақли.

Бепул тақдим этилган эфир вақти ва чоп этиш майдони доирасида сайловолди ташвиқоти материаллари узатилаётган ҳамда чоп этилаётган вақтда ОАВ улар сайловолди ташвиқоти материаллари эканлигини қайд этади.

Сайловолди ташвиқоти даврида депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партиялар вакилларининг ОАВда чиқишлари уларни кўрсатган сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига қараб амалга оширилади.

ОАВ сайловолди ташвиқоти даврида депутатликка номзоднинг ишлаб чиқариш ва хизмат мажбуриятларини бажараётганини ёритишлари мумкин ва бу сайловолди ташвиқоти тусидаги тадбир ҳисобланмайди.

Ахборот дастурлари ва бошқа ахборот материалларида сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформасини ёритиб беришда ОАВ:

тенг шароитлар яратиб бериши, шу жумладан дастурнинг давомийлиги ва ҳажми бўйича тенг шароитлар яратиб бериши;

материалларни эфирга узатиш ҳамда чоп этишда улар кўпроқ биргаликда берилишига эришиши керак.

Депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга давлат ва нодавлат ОАВда эфир вақти ёки чоп этиш майдони пулли асосда ҳам ажратилиши мумкин.

Эфир вақти, чоп этиш майдони учун ОАВ томонидан белгиланадиган тўлов шартлари ва бошқа талаблар (тираж, эфирга бериладиган вақт, жой, шрифт ва ҳоказолар) барча депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Пулли эфир вақтини ёки чоп этиш майдонини ажратиш билан боғлиқ муносабатлар ОАВ ва сиёсий партиялар ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

ОАВда тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга тўғри келиши, депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Нотўғри, депутатликка номзоднинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш, шунингдек депутатликка номзоднинг розилигисиз унинг шахсий ёки оилавий сиридан иборат хусусий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни ноқонуний тўплаш ёки тарқатиш тақиқланади.

Депутатликка номзодлар ОАВда чоп этилган нотўғри ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказган маълумотлар юзасидан раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли.

Чоп этиш натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган депутатликка номзодлар ушбу ОАВда раддия ёки жавоб мақола чоп этишга ҳақли.

Босма ОАВда раддия ОАВнинг навбатдаги сонида, жавоб пайдо бўлишига сабаб бўлган материал жойлаштирилган саҳифада эълон қилиниши керак.

Электрон ОАВда раддия навбатдаги дастурда ёки кўрсатувда эфирга узатилиши керак.

Депутатликка номзодлар ОАВ раддияни, жавоб мақолани чоп этишдан бўйин товласа ёки чоп этишнинг белгиланган муддатини бузса, судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.

Босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммалар, босма маҳсулотнинг электрон кўринишлари ва бошқа сайловолди ташвиқоти материалларини тўсиқларсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга тенг шаротлар яратиб берилади. Сайловолди ташвиқоти материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.

Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа сайловолди ташвиқоти материаллари қуйидагиларга эга бўлиши керак:

сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаган юридик шахс номи, жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақида бошқа маълумотлар (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);

сайловолди ташвиқоти материалларига буюртма берган юридик шахс номи (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);

сайловолди ташвиқоти материаллари нусхасининг сони, чиқарилган санаси ҳақидаги ахборот.

Сайловолди ташвиқоти материаллари хоналарга, биноларга, иншоотларга ва бошқа объектларга осиб қўйилиши мумкин.

Ҳайкалларга, ёдгорликларга, шунингдек сайлов комиссияси жойлашган биноларга, овоз бериш хоналарига босма сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш тақиқланади.

Депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш учун ташқи реклама воситалари (махсус щит конструкциялари, экранлар, билбордлар, электрон табло ва ҳоказолар) бепул тақдим этилиши мумкин.

Бепул тақдим этиладиган ташқи реклама воситалари сони маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таклифларига асосан тегишинча Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланади.

Депутатликка номзодларга ва уларнинг ишончли вакилларига сайловолди ташвиқотини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ўтказиш учун тенг шароитлар берилади.

Сайловчилар билан учрашувлар номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан мустақил равишда ўтказилади.

Депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари бошқа депутатликка номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа депутатликка номзодлар томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.

 

1772