ОАВни аккредитациядан ўтказиш тартиби

Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига (бундан буён матнда Сайлов кодекси деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига (бундан буён матнда маҳалий Кенгаш деб юритилади) сайлов кампаниясини ёритиш учун хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари (бундан буён матнда ОАВ деб юритилади) вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. ОАВ вакиллари сайлов кампанияси даврида холис ахборотларни кенг, тезкор ва эркин тарқатиш, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиши учун аккредитация қилинади.

ОАВ вакилларининг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда МСК деб юритилади), вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган гувоҳномалар билан тасдиқланган бўлиши керак.

2. ОАВ вакиллари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб, қоида тариқасида, сайловга камида ўн беш кун қолгунга қадар МСК, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларига уларни аккредитациядан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин.

3. МСК, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан аккредитациядан ўтказилган ОАВ вакилларига тегишинча мазкур Низомнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ шаклдаги гувоҳномалар берилади.

4. ОАВ вакиллари ваколат муддати унга аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.

Тегишли сайлов комиссияси томонидан такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ОАВ вакили гувоҳномасининг амал қилиш муддати такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов натижалари тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар қадар узайтирилган деб ҳисобланади.

II боб. Маҳаллий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш

5. Сайлов кампанияси даврида:

республика миқёсидаги ОАВ вакиллари – МСК томонидан;

вилоят миқёсидаги ОАВ вакиллари – вилоят сайлов комиссияси томонидан;

туман (шаҳар) миқёсидаги ОАВ вакиллари – туман (шаҳар) сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилади.

6. Сайлов кампаниясини ёритиш мақсадида республика, вилоят, туман ва шаҳар миқёсидаги ОАВ раҳбарлари мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган сайлов комиссияларига мурожаат қилади.

ОАВнинг мурожаатида аккредитацияга тақдим этилган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилади ҳамда унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва 3х4 см. ҳажмдаги икки дона фотосурати илова қилинади.

ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказиш учун мурожаат ОАВнинг расмий бланкасида тақдим этилади ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланади.

7. Мурожаат беш кун ичида кўриб чиқилиб, тегишли сайлов комиссиясининг қарори асосида ОАВ вакилига аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

Мазкур Низомнинг 6-бандида қайд этилган маълумотлар кўрсатилмаган, шунингдек мурожаатлар белгиланган муддатда берилмаган бўлса, тегишли сайлов комиссиялари томонидан ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказиш рад этилиши мумкин.

III боб. Хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қонунчилик палатаси сайловларида хорижий ОАВ вакиллари МСК томонидан аккредитациядан ўтказилади.

МСК хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (бундан буён матнда ТИВ деб юритилади) билан ҳамкорлик қилади.

9. ТИВда аккредитациядан ўтган хорижий ОАВ вакилларини МСКдан аккредитациядан ўтказиш учун тегишли ОАВ мухбирлик пункти (бюроси, офиси) раҳбари МСКга мурожаат қилади.

Мурожаатда аккредитацияга тақдим этилган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилади ҳамда унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва 3х4 см. ҳажмдаги икки дона фотосурати илова қилинади.

Мурожаат беш кун ичида кўриб чиқилади ва МСК қарори асосида хорижий ОАВ вакилига аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

10. ТИВдан аккредитациядан ўтмаган хорижий ОАВ вакиллари сайлов кампаниясини ёритиш мақсадида ТИВга мурожаат қиладилар. Мурожаатга:

оммавий ахборот воситаси тўғрисида маълумотнома-ахборот;

аккредитацияга тақдим этилган ходимнинг таржимаи ҳоли маълумотлари, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва 3х4 см. ҳажмдаги икки дона фотосурати илова қилинади.

11. ТИВдан аккредитациядан ўтмаган хорижий ОАВ вакилларининг мурожаати тақдим этилган кундан кейин икки ҳафтадан кечикмай ТИВ томонидан кўриб чиқилади. Мазкур Низомнинг 10-бандида қайд этилган маълумотлар кўрсатилмаган, шунингдек белгиланган муддатда берилмаган мурожаат кўрилмасдан қолдирилади.

12. ТИВ хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида МСКга тақдимнома киритади.

Тақдимнома беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилиб, МСК қарори асосида хорижий ОАВ вакилига аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

IV боб. ОАВ вакилининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

13. ОАВ вакили:

сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш;

сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

сайлов комиссияларининг қарорлари нусхаларини ОАВда ёритиш учун олиш;

номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;

муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;

сайлов куни овоз бериш хоналарида, шу жумладан овозларни санаб чиқишда ҳозир бўлиш;

сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно);

сайловчининг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериш жараёнида ҳозир бўлиш;

округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлашда ҳозир бўлиш;

сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга.

ОАВ вакили қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.

14. ОАВ вакили:

ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига амал қилиши;

барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган гувоҳномани ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши шарт.

15. ОАВ вакилига қуйидагилар ман этилади:

конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи ахборотларни тарқатиш;

сайловчиларга таъсир ўтказиш, қонунга хилоф равишда бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш;

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш;

сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.

16. ОАВ вакили Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси талабларига ва ушбу Низом қоидаларига риоя этмаган тақдирда, уни аккредитациядан ўтказган сайлов комиссияси унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.

V боб. Якуний қоидалар

17. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан келишилган.

683