Ҳарбий хизматчиларнинг сайлов жараёнидаги иштироки

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлиги Марказий аппаратида “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” доирасида “Сайловчиларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва овоз бериш тартиби” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Ҳарбийлар ва Қуролли Кучлар хизматчиларининг сайловга оид ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўқув маркази директори Ш.Файзиев ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси Н.Эрназаров иштирок этди.

Сайловлар фуқароларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли сифатида уларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим тадбир саналади.

Маълумки, 2019 йил 22 декабрь куни юртимизда Олий Мажлис қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар ўтказилади. Яъни, шу куни  юртдошларимиз, хусусан ҳарбий хизматчилар муҳим сиёсий жараёнда иштирок этишади.

МСК Ўқув маркази директори Ш. Файзиев ўз нутқида Сайлов кодексининг мазмуни, сайлов комиссияларини тузиш тартиби ва ваколатлари, сиёсий партиялар номзодларининг сайловолди ташвиқоти, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини тузиш тартиби, ҳарбий қисмларда сайлов участкаларини ташкил этиш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг сайлов куни овоз бериш тартиби билан боғлиқ қоида-талаблар юзасидан тушунтиришлар берди.

Сўзга чиққан Адлия вазирлиги ходими Н.Эрназаров сайлов қонунчилиги ҳақида маълумот берар экан, мазкур сиёсий тадбирни Конституция ҳамда қонунлар, умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ўтказиш кўп жиҳатдан фуқароларнинг сиёсий маданияти ва фаоллиги, фуқаролик бурчини чуқур англашига боғлиқ эканлигини таъкидлади.

Тадбир иштирокчиларига сайлов тизими, бу борада амалда тадбиқ этилаётган янгиликлар, сайловни ўтказиш ва овоз бериш  жараёни, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар ва улар фаолиятининг кафолатлари юзасидан берилган саволларига маърузачилар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.  

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

02.11.2019 58