МЕНИНГ ОВОЗИМ - ВАТАНИМ КЕЛАЖАГИ

Жорий  йилнинг 1 ноябрь куни  Фарғона вилоятининг Дангара туманидаги 1-сони ўрта умумтаълим мактабида "Менинг овозим-ватаним келажаги" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги доирасида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон  Республикаси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 101-Дангара сайлов округи комиссияси, вилоят ва туман сайлов комиссияси аъзолари, туман ёшлар иттифоқи кенгаши, адлия ходимлари ва ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда нуфузли сиёсий тадбир - парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловга кенг кўламли тайёргарлик кўрилмоқда. Бу галги сайловлар мамлакатимиз тарихида илк бор демократик сайловлар ўтказиш бўйича халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Бу эса сайловнинг қонунийлик, шаффофлик, очиқлик ва мутлақо янги шароитларда ўтишининг яна бир ёрқин ифодасидир.

 Давра суҳбатида Сайлов кодексидаги янгиликлар ва муҳим сиёсий жараёнда ёшларнинг иштироки ҳақида сўз юритилди.

Такидланганидек, Сайлов кодексига ўттиздан ортиқ янги норма ва қоидалар киритилган. Хусусан, Сайлов кодексига асосан, сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда сайловчилар томонидан бир қанча партияларни ёқлаб имзо қўйиш имконияти берилди. Олдинлари имзо йиғишда «сайловчи фақат битта сиёсий партияни ёқлаб имзо қўйиши мумкин», деган норма мавжуд эди. Бу эса сиёсий партияларга ҳам, сайловчиларга ҳам ноқулайлик туғдирарди.

Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, мазкур кодексда бундай чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик, ошкораликни, жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, сиёсий партияларнинг тарафдорлари, уларни қўллаб-қувватловчилар сафини кенгайтиришга, кузатувчилар учун эса бир кун давомида сайлов участкасида қимирламай туриш эмас, балки алмашиб бу ваколатни амалга ошириш имконини яратади.

Тадбирда шунингдек, миллий қонунчилигимизга биноан сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга эканлиги ва сайлов куни 21 ёшга тўлган йигит-қизлар маҳаллий кенгашларга, 25 ёшдан эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиши мумкинлиги айтиб ўтилди.

Бу йилги сайловларда 20,6 миллионга яқин сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Улардан 2 миллиондан ортиқ йигит-қиз эса биринчи марта сайловда иштирок этади.

Тадбир иштирокчилари ёшлар билан ўтказилган учрашувда, Юртимизда айни вақтда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини, яъни миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари эзгу мақсадимизни аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмаслигини, бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ҳамда профессионал тайёргарликка эга бўлган ёшларгина сифатли, жадал ва инновацион тараққиётнинг энг муҳим шарти ва гарови бўла олиши, айнан улар мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкинлигига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

 

 

04.11.2019 56