Ғазалкентда  тарғибот ойлиги жадаллик билан олиб борилмоқда

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларга ҳам оз фурсат қолди. “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” умумшиори остида ўтадиган муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик айни авжида.

Бу жараёнда аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш ҳамда сайлов қонунчилигидаги янгиликлардан хабардор қилиш муҳим масалалардан ҳисобланади. Шу боис, Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан мамлакатимиз бўйлаб 20 октябрдан 20 ноябрга қадар “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” ўтказилмоқда. Мазкур ойлик доирасида Тошкент вилоятининг барча ҳудудлари, меҳнат жамоаларида Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини кенг оммага тушунтириш, сайловларнинг мамлакатимиз сиёсати, халқимиз ҳаётидаги аҳамиятини тарғиб этишга доир кўплаб учрашув ва мулоқотлар, давра суҳбатлари, амалий машғулотлар бўлиб ўтаяпти. Хусусан, Бўстонлиқ туманида бу жараён жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ғазалкент хизмат курсатиш ва иқтисодиёт коллежида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 90-Бўстонлиқ сайлов округи раиси Ҳикматулла Султонов биринчи марта овоз берадиган ёшлар билан учрашди. Мазкур мулоқот давомида ўқувчи-ёшларга сайлов тизимининг бугунги кундаги аҳамияти, сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунчалар берилди. Бу йил илк бор сайловда қатнашадиган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Ана шундай тарғибот тадбирларидан бири тумандаги 3-мактабда ҳам бўлиб ўтди. Унда 90-Бўстонлиқ сайлов округи ва туман сайлов комиссияси аъзолари ҳамда ҳудуддаги ўқитувчилар иштирок этишди. Тадбирда халқимизнинг сиёсий онги ва маданияти жамиятда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларга монанд ўсиб бораётгани, жамиятда очиқлик таъминланаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, бўлажак сайловлар янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтиши айни жараёнга ҳамда юксак демократик тамойилларга тўла мувофиқ экани қайд этилди. 

— Туманимизда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” юқори савияда ўтказилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 90-Бўстонлиқ сайлов округи раиси Ҳикматулла Султонов. — Аҳолини ва ёшларни сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва ўзгаришлардан яқиндан таништириш мақсадида барча маҳаллаларда, мактаб ва коллежларда учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Мақсад битта сайловчиларнинг муҳим сиёсий жараёнда фаоллигини оширишдир. 

Халқаро матбуот маркази
Тошкент вилояти бўлими

04.11.2019 130