Фарғонада elections.uz сайти ва “Сайлов – 2019” мобиль иловасининг тақдимоти ўтказилди

Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази Фарғона вилоят бўлими томонидан Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали талабалари учун elections.uz сайти ва “Сайлов – 2019” мобиль иловасининг тақдимоти ўтказилди.

Тақдимотда Марказий сайлов комиссиясининг янги талқиндаги elections.uz сайти ва “Сайлов – 2019” мобиль иловасининг афзалликлари ва қулайликлари ҳақида талаба-ёшларга батафсил маълумот берилди.

Янги дизайнда иш бошлаган elections.uz сайтида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонунчилик, янгиликлар, халқаро ҳамкорлик ҳамда ОAВ учун керакли маълумотлар билан тўлдирилган алоҳида бўлимлар ташкил этилди.

Шунингдек, сайтдан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар кесимида ҳар бир сайлов комиссияси ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади. Бу эса вазирлик ва идоралар, ОAВ ҳамда фуқароларга барча сайлов комиссиялари билан яфин алоқа ўрнатишга ёрдам беради. Сайтда кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун ҳам алоҳида имкониятлар яратилди.

Марказий сайлов комиссиясининг сайлов жараёнларидаги фаолиятини осонлаштириш ва қўшимча қулайлик яратиш мақсадида “Сайлов – 2019” мобиль иловаси ҳам жорий этилди.

Унда сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари аъзолари ҳақида маълумотлар, сайловчилар, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳамда кузатувчилар учун услубий тавсиялар, сайлов фаолларининг билимини оширишга доир ўқув материаллари, китоблар ва мақолалар, сайлов мавзуси бўйича савол-жавоблар ўрин олган. Сайловчиларга ўз сайлов участкасини топишида кўмаклашиш учун махсус ҳавола ҳам жойлаштирилган.

 

Марказий сайлов комиссиясининг

Халқаро матбуот маркази

Фарғона вилоят бўлими

 

 

 

 

05.11.2019 205