Ҳарбий қисмлардаги  сайлов участкалари ким томонидан тузилади?

"Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” доирасида  Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлиги тоифаланган объектларини қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигида Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда "Сайлов кодексининг мазмун моҳияти ва харбий хизматчиларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари" мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда Марказий сайлов комиссияси сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича Ўқув маркази директори Ш.Файзиев маъруза билан иштирок этди.

Маърузада сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар сайлов комиссиялари ва туман (шаҳар) сайлов комиссиялари томонидан 6500 дан ортиқ округ сайлов комиссиялари шакллантирилганлиги ва тегишли округ сайлов комиссиялари томонидан 10 250 дан ортиқ участка сайлов комиссияларини таркиби тасдиқланиб, улар ҳақидаги маълумотлар маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгилнган.

Такидланганидек, сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкалари туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилади. Участкалар ҳарбий қисмларда ҳам тузилади ва қисмлар жойлашган ердаги округларга киради. Сайлов участкаларининг чегаралари бошқа сайлов округларининг чегараларини кесиб ўтмаслиги керак.

Шунингдек, тадбирда харбий қисмларда ҳам сайлов участкаларини тузиш ҳамда участка сайлов комиссияларини шакллантириш тартиби ва муддатлари хақида тушунтиришлар берилди. Харбий хизматчиларнинг фаолиятини хисобга олган холда муддатидан олдин овоз бериш тартиби ва муддатларига эътибор қаратилди.

Сайлов кодексининг 10-моддасига биноан ҳарбий қисмларда сайлов участкалари қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан округ комиссиялари томонидан тузилади. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Тадбир сўнгида  сайловчиларнинг ягона электрон руйхатини тузиш тартиби, хорижий давлатлардаги фуқароларимизнинг сайловда қатнашиш кафолатлари ҳамда сайлов қонунчилиги талабларини бузганларга нисбатан жавобгарлик масалалари бўйича берилган саволларга Сайлов кодекси қоида-талаблари асосида тушунтиришлар берилди.

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати

06.11.2019 192