Фарғонада талабалар ўртасида “Биз сайлов қонунчилигини ўрганамиз” кўрик-танлови ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан жорий йил 20 октябрдан 20 ноябрга қадар “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Фарғона шаҳрида “Биз сайлов қонунчилигини ўрганамиз!” вилоят кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Кўрик-танлов Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унга вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари жалб этилди. Танловнинг илк босқичи таълим даргоҳлари кесимида ўтказилган бўлиб, иккинчи  - вилоят босқичида сараланган жамоалар қатнашдилар. Хусусан, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг “Ёш тиббиётчилар” жамоаси,  Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалининг “Истиқбол”,  Фарғона давлат университетининг “Буюк келажак”,  Фарғона политехника институтининг “Ёш сайловчилар” жамоалари сайлов қонунчилиги юзасидан ўзаро беллашдилар.

Танловда иштирокчи жамоалар 3 та шарт асосида куч синашишди. Дастлабки шартда ўз таълим даргоҳи ҳақида маълумотлар, шунингдек, талабаларнинг сиёсий жараёнларга нисбатан қизиқиши, хабардорлиги, ўқув юртида бу масалаларга эътиборнинг нечоғлик кучлилиги ҳамда сайлов тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилиши талаб этилди. Мазкур шартда ўз фаоллигини кўрсатган талабалар иккинчи шартда савол-жавоблар асосида сараланди. Учинчи шарт эса саҳна кўринишларидан иборат бўлди.

Ҳасан Абдураҳмонов – Марказий сайлов комиссияси котибияти бўлим бошлиғи, “Биз сайлов қонунчилигини ўрганамиз” кўрик-танлови ҳакамлар ҳайаъти аъзоси.

- Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлажак сайловларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси йигит-қизларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга катта эътибор қаратмоқда. Хусусан, талабалар ўртасида сайлов қонунчилиги мужассам этилган янги Сайлов кодекси мазмун-моҳияти кенг тарғиб этилмоқда. Таъкидлаш керак, маҳаллий кенгашларга 21 ёшга тўлган, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 25 ёшга тўлган ёшлар депутатликка ўз номзодларини қўйишлари керак деб илгари сурилган ғоя катта баҳсларга сабаб бўлди. Ёшларнинг янги ғоялари ва янги фикрларига қойил қолиш керак.  Бундай танловни ўтказишда жонбозлик кўрсатган Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва шу билан бир қаторда ҳамкорлик қилаётган бир нечта мутасаддиларга миннатдорчилик билдириш керак.   

Албатта, танлов шартлари давомида талабалар ўзларининг сайлов қонунчилиги бўйича нечоғлик маълумотга эга эканликларини, Сайлов кодекси ва у асосида сайлов жараёнларига киритилган ўзгариш ва янгиликлардан қай даражада бохабар эканликларини яна бир бор намойиш этдилар. Қизғин баҳслар билан танлов ғолиби ҳам маълум бўлди. Танловда 96 балл тўплаб Фарғона давлат университетининг “Буюк келажак” жамоаси 1-ўринга муносиб топилди.

 

09.11.2019 593