“Биз бахтли келажагимиз учун овоз берамиз” акцияси Зарбдор тумани ёшлари нигоҳида

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни  Жиззах вилояти Зарбдор туманида Марказий сайлов камиссияси ўқув маркази ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи  Зарбдор туман Кенгаши билан ҳамкорликда  “Биз бахтли келажагимиз учун овоз берамиз” шиори остида туман ёшлар ташкилотининг етакчилари билан очиқ  мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи  Зарбдор туман Кенгаши раиси, Марказий сайлов комиссияси ўқув маркази директори, Зарбдор Қишлоқ ва сув хўжалиги касб ҳунар коллежида тумандаги мактаб, коллеж ва корхона ташкилотларда фаолият олиб бораётган бошланғич ташкилот ёшлар етакчилари иштирок этдилар.

Мулоқот вақтида Марказий сайлов комиссияси вакили Шухрат Файзиевнинг Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари юзасидан марузаси тингланди. Шу билан бирга сайлов комиссиялари фаолияти, тузилган округ ва участка комиссияларининг ваколатлари, сиёсий партиялар томонидан номзодларни кўрсатиш тартиби, сайловолди ташвиқотининг ўтказиш тартиби масалалари ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Такидланганидек, Сайлов кодексининг 72-моддасига мувофиқ Сиёсий партиянинг раҳбари Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради. Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялардан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига етти кун қолганида якунлайди.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни беш кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Кодекс талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради. Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Кодекс талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг раҳбарларига маълум қилади. Сиёсий партия ҳужжатлардаги аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатишга ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишга ҳақли.  

Учрашувда шунингдек, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши қайд этиб ўтилди. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди. Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Йиғилишда Марказий сайлов комиссияси  эксперти Сарвар Ибодуллаев сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва сайлов жараёнларида қонун бузилиши ҳолатлари учун жавобгарлик тўғрисида маълумот бериб ўтди. Сайлов қонунчилигида кўплаб қоидалар мавжуд бўлиб, шулардан бири бу фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилгани юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқидир. Сайлов кодексига мувофиқ, фуқаролар сайлов комиссияларининг қарорлари, ҳаракат (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят келтиришлари мумкин.

12.11.2019 593