Фарғонада “Ёш сайловчи – 2019” форуми ўтказилди

Фарғона шаҳрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти кенгаши ҳамда вилоят сайлов комиссияси ҳамкорлигида ўтказилган “Ёш сайловчи – 2019” форуми ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга бағишланди.

22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда Фарғона вилоятидан 2 миллион 333 мингдан ортиқ сайловчи иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг 47 мингдан зиёди илк бор овоз берадиган ёшлардир. Мамлакатимизда давом этаётган сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги доирасида шаҳар ва туманларда “Менинг овозим – Ватаним келажаги”, “Сайлов – менинг Конституциявий ҳуқуқим” мавзуларида тарғибот тадбирлари ва ёшлар билан учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Форумда фуқароларнинг конституциявий бурчи, миллий сайлов тизими, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайловни ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида ўтказишга қаратилган ислоҳотлар тўғрисида сўз юритилди. Сайловда ҳар бир фуқаро Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқидан фойдаланиб, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши Ватанимиз келажаги учун алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Бу йил мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Аҳаджон Акбаров. – Сайловларда биринчи марта бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суради. Бўлажак сайловларда овоз бериб, ўз хоҳиш-иродамизни эркин билдириш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз. Ёшларнинг мамлакат миқёсидаги сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, илк маротаба сайловда қатнашадиган ёшларнинг хабардорлигини, ижтимоий-сиёсий жараёнларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларнинг овози жамият ва давлатнинг барқарор ривожланиши учун хизмат қилишини ёшларга етказишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бугунги форум ҳам ана шу мақсадда ўтказилди.

 

Халқаро матбуот маркази

Фарғона вилоят бўлими

12.11.2019 560