Жиззахликлар сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан танишдилар

2019 йил 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси давлат хокимияти вакиллик органларига сайловлар ўтказилиши муносабати билан Марказий сайлов комиссияси ва Жиззах вилоят адлия бошқармаси ҳамкорликда "Сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари" мавзусида семинар ўтказилади. Унда Жиззах Давлат педагогика институти жамоаси ва талабалари иштирок этдилар.

Учрашувда  Жиззах вилояти сайлов комиссияси Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими раҳбари Б.Мирзақобилов ўз сўзида жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик ишлари ва сайлов жараёнларини оммавий ахборот воситалари орқали очиқ ошкоралигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратди.

Такидланганидек,  демократик сайловларни эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Негаки, улар фуқароларнинг сиёсий партиялар фаолияти, уларнинг сайловолди дастурлари, депутатликка кўрсатилган номзодлар, сайлов жараёнининг барча босқичлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқини таъминлайди.

Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда оммавий ахборот воситалари тенг шарт-шароит ва имкониятлар принципига амал қилган ҳолда, депутатликка номзодларга, сиёсий партиялар вакилларига ўз эфир вақти ва нашр майдонини қонунда белгиланган тартибда тақдим этади.

Марказий сайлов комиссияси ходими Ш.Файзиев сайлов қонунчилигида сайлаш ҳуқуқи тамоиллари, кафолатлари ва ёш сайловчиларнинг сайлов жараёнлардаги иштироки, шунингдек сайловчиларнинг ягона электрон руйхати, муддатидан олдин овоз бериш тартибига алоҳида тўхталиб ўтди.  

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади. Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади. Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва овоз берувчининг имзоси билан тасдиқланади.

Тадбирда шунингдек,  иштрокчиларга Марказий сайлов комиссияси карори билан эълон қилинган “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги"да адлия органларининг сайлов комиссиялари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга ошираётган чора тадбирлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

13.11.2019 527