“Ёш сайловчи 2019” форуми жиззахлик ёшлар нигоҳида

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Жиззах вилояти “Ёшлар инновацион маркази”да “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” доирасида “Ёш сайловчи 2019”  ёшлар форуми ўтказилди.

Форумда Марказий Сайлов комиссияси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий Кенгаши ходимлари, Жиззах вилояти сайлов комиссияси, адлия бошқармаси, ҳамда вилоят, туман(шаҳар)даги ёшлар етакчилари иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши бўлими бошлиғи А.Алимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига 2019 йил 22 декабрь куни навбатдаги депутатлик сайловлари бўлиб ўтиши, ёш сайловчиларнинг сиёсий жараёнда фаол иштироки таъминлаш мақсадида мазкур форум ўтказилаётганлигини таъкидлади.

Маълумки, бўлажак сайловларда республика миқёсида 20 млн 600 минг сайловчилар иштирок этади. Мазкур сайловчиларнинг 11 млн 237 минг нафарини 30 ёшгача бўлган тоифа вакиллари ташкил қилади.

Шу билан бирга мазкур сиёсий жараёнларда 2 млн ёшлар ўзларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган сиёсий, яъни овоз бериш ҳуқуқларидан биринчи маротаба фойдаланади.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссияси ўртасида 28 июнда ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, унинг  асосида ҳамкорликдаги жорий йил 21 сентябрда 37-сонли Қўшма қарор тасдиқланди.

Форумда Марказий сайлов комиссияси ўқув маркази директори Ш.Файзиев Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайлов комиссияларининг фаолияти, сайлов жараёнида ёш сайловчиларнинг ҳуқуқлари, шунингдек,  сайлов қонунчилигини тарғиб қилишда ёш етакчиларининг фаоллигини ошириш масалалари  хусусида тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда Жиззах вилоятида жами 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 809 минг 192 нафарни ташкил қилиб, шулардан 33 минг 216 нафари биринчи маротаба жорий йилги сайловларда иштирок этиши кутилмоқда. Маърузада сайлов комиссиялари томонидан сиёсий партиялар томонидан тақдим қилинган номзодларни  рўйхатдан ўтказиш жараёни, сайлов олди ташвиқотини олиб бориш шакл ва усуллари, шунингдек, муддатидан олдин ва сайлов куни овоз бериш тартиби масалалари таъкидланди. 

Форум ишида жами 300 дан ортиқ ёшлар, шулардан 170 нафари жорий йилги сайловларда биринчи маротаба иштирок этадиган ёшларнинг иштироки таъминланди.

Форумнинг иккинчи қисмида “Ёшлар инновацион маркази”, Жиззах политехника институтида иштирокчилар 3 та гуруҳларга бўлинган ҳолда, МСК экспертлари Б.Иззатуллаев ва И.Мўминовлар иштирокида, сиёсий партияларнинг сайловолди платформаси (ҳаракат дастури), номзоднинг сайловолди дастури, сайлов штаби фаолиятини йўлга қўйиш, сайловолди ташвиқоти, депутатликка номзодлар фаолияти кафолатлари, халқаро ва маҳаллий кузатувчилар борасида семинар машғулотлари давом эттирилди ва бу борада иштирокчиларга зарурий билим ва кўникмалар берилди.

Лойиҳа доирасида иштирокчилар ўз сайловолди дастурларини ишлаб чиқиб, тақдимот қилишди, шу билан бирга, гуруҳлар ўртасида сайловолди дебатлари уюштирилди.

Ўқув семинар давомида тарғиботчи-тренерлар учун ўқув қўлланмалар ва ишчи дафтар, “Ўзбекистон Конституцияси тарихи” мавзуларидаги ҳуқуқий адабиётлар тарқатилди. Шу билан бирга энг фаол иштирок этган 5 нафар ёшларга Самарқанд шаҳрига 10 кунлик бепул сайёҳат йўлланмаси берилди.

Форум доирасида ёшлар учун Ёшлар иттифоқи томонидан ишлаб чиқилган “Сайлов 2019” мавзусидаги видеоролик намойиш этилди ҳамда тадбир сўнгида “Ватан келажаги учун овоз берамиз!” мавзусида ёшлар иштирокида флешмоб ташкил қилинди.

15.11.2019 1032