“БИР САЙЛОВЧИ — БИР ОВОЗ” ТАМОЙИЛИ Замонавий АКТ ёрдамида таъминланади.

Юртимиз сайлов тизимидаги муҳим янгиликлардан бири — сайлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларининг жорий этилиши билан боғлиқ. Марказий сайлов комиссияси Ишларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори Ҳасан АБДУРАҲМОНОВ билан шу ҳақда суҳбатлашдик. 

— Сайлов кодексидан ўрин олган янги қоида ҳамда нормаларни санасангиз ўттиздан ошади, — дейди суҳбатдошимиз. — Улар орасида сайлов ҳуқуқлари бўйича етакчи мутахассислар, шу жумладан, халқаро ташкилотлар экспертлари ҳам “инновацион ўзгариш” деб эътироф этаётган — Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) илк бор амалиётга жорий қилинаётганидир. Эндиликда барча сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилиб, улар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтидан (www.elections.uz) зарур маълумотларни олиши мумкин.

Миллий сайлов тизимидаги бу муҳим ўзгаришларни изчил ва тизимли равишда амалга оширишда Президентимизнинг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлмоқда.

Айтиш жозки, Марказий сайлов комиссияси мутахассислари тегишли давлат ташкилотлари — Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Адлия, Мудофаа вазирликлари, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда СЯЭРни жорий этиш учун фаол иш олиб бормоқдалар. Хусусан, уйма-уй юриб, сайловчилар рўйхатга олинди ва ҳар бир сайловчи тураржой кадастр рақамига бириктирилди.

Бундан мақсад — халқаро андозалардаги “бир сайловчи — бир овоз” тамойилини тўлиқ ва бехато амалга оширишдан иборат. Дейлик, бирор сайловчининг яшаш жойи ўзгарса, бошқа ерда вақтинчалик рўйхатдан ўтса, бу ўзгариш СЯЭРда ўз аксини топади. Сайловчининг фақат бир жойда бир марта овоз беришига хизмат қилади.

Электрон тизим сайловчилар учун яна кўплаб қулайликлар яратади. Масалан, сайловчи, қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси сайтини очиб, паспорт рақамини киритиш орқали ўзининг қайси сайлов участкасига тааллуқли эканини ва сайлов участкаси жойлашган манзилни осонлик билан  аниқлаши мумкин.

— Сайлов тизимига АКТни жорий этишнинг яна қандай афзалликлари бор?

— Шу пайтгача мамлакатимизда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ деярли барча ишлар, таъбир жоиз бўлса, қўл меҳнатига асосланган эди. Сайловчилар рўйхатини тузишдан то ҳисоботни жамлашгача бўлган жараёнлар қоғозга қалам орқали муҳрланарди. Бу талай вақт, харажат, энг муҳими, ортиқча қўл кучи, сафарбарлик талаб қилишини айтиб ўтирмасак ҳам бўлади. Даста-даста ҳужжатларни йиғиш, юритиш, сақлаш ва аниқлашнинг машаққатини айтмайсизми! Бунга ҳар сайловда участкалар, округлар ва сайловчилар рўйхатларини янгидан шакллантириш ҳамда бу заҳматли жараёнда йўл қўйиладиган ноаниқликлар, хатолар ва уларни тузатиш ташвишини қўшинг.

Шу жиҳатдан, Юртбошимизнинг номи қайд этилган қарорининг қабул қилиниши сайлов тизимида нечоғлик улкан ва самарали ўзгаришларни амалга ошириш, сайловларни ташкил этувчилар учун ҳам, сайловчилар учун ҳам катта қулайлик яратишини алоҳида таъкидлаш зарур.

— Жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлигига сайловда бутун юртимиз бўйича СЯЭРдан фойдаланиш имконияти яратиладими?

— Айни чоғда барча сайлов участкаларини замонавий компьютерлар ва бошқа зарур техника воситалари билан таъминлаш ишлари ниҳоясига етмоқда. Сайлов участкалари учун ажратилган 10,2 мингдан ортиқ бинога оид маълумотларни шакллантириш ишлари ҳам якунланиш арафасида. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига эса ҳозиргача 20,5 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқаросига доир маълумотлар киритилди.

Ҳозиргача бу борада бажарилган ишлар кўлами, ҳажми ва аҳамияти ҳақида сўз борганида, журналистлар, экспертлар ва халқаро таҳлилчилар “мисли кўрилмаган”, деган иборани қўллашаётгани бежиз эмас. Буни айнан рақамларда ҳам кузатиш мумкин. 2019 йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий объектларга замонавий телекоммуникация хизматларини тақдим этиш учун 8250 километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари тортилди. Йил охиригача бу рақам янада ортади.

Бу бориш қийин туманларгача замонавий кабель алоқаси билан таъминланади, деганидир. Зеро, сайловларнинг шарофати билан округ сайлов комиссиялари, участка сайлов комиссиялари ва уларнинг матбуот марказлари учун вақтинча берилган бинолар — юзлаб мактаблар, лицейлар, коллежлар, олий таълим ва тиббиёт муассасалари, маҳаллалар, давлат ва жамоат ташкилотлари идоралари, шунингдек, аҳолининг  хонадонларигача интернет алоқаси етиб бормоқда.

—Жойлардаги сайлов комиссиялари аъзоларининг АКТдан фойдаланишга доир билим ва кўникмаларини ошириш борасидаги ишларнинг аҳволи қандай?

— Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини тузиш, аниқлаштириш ва сайловларда ундан фойдаланиш тартиби ишлаб чиқилган бўлиб, унда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар кўлами, ижро муддати ва масъуллари белгиланган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда, сайлов комиссиялари вакилларини (операторларини) Сайловлар жараёнини бошқариш ахборот технологиялари тизимида (СЖБАТ) ишлашга ўқитиш учун АКТ соҳаси мутахассисларининг таркиби шакллантирилди. Дастлаб иш шу мутахассис-тренерлар ҳақидаги маълумотларни СЖБАТ дастурига жойлаштиришдан бошланди.

Шунингдек, Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги доирасида сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва замонавий ахборот технологиялари бўйича СЯЭР тизимидан фойдаланиш тартиб-қоидаларини сайлов ташкилотчиларига ва кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида олимлар, мутахассислар, эксперт ва амалиётчилар иштирокида давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ва амалий машғулотлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўз навбатида, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида сайлов жараёни барча босқичларига доир  услубий видео материаллар ва видеороликлар тайёрлашга киришилди. Қолаверса,  СЖБАТда  ишлайдиган операторларни ўқитиш мамлакат бўйича ташкил этилиб, 30 мингдан ортиқ мутахассислар қамраб олинди.

— СЯЭРдан сайловчиларга оид қандай маълумотлар жой олади?

— Унда Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган, доимий ёки вақтинча тураржойга эга фуқароларига тегишли маълумотлар киритилади. Рўйхат тузилаётган вақтда тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган фуқаролар ҳам сайловчилар рўйхатига киритилади.

Мабодо,  сайловчилар рўйхатида хато ва ноаниқликлар аниқланса, ҳар бир фуқаро тегишли сайлов комиссиясига мурожаат этиши мумкин. Муаммо зудлик билан ҳал этилади.

Айни пайтда, сайловларга оид барча маълумотлар ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида жамланган “Saylov—2019” мобиль иловаси ишлаб турибди.

Қолаверса, юртдошларимиз Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказидаги 1197 телефон рақамига қўнғироқ қилиб, мамлакатимиз сайлов қонунчилиги, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга доир барча саволларга мукаммал жавоб олишлари мумкин. Хорижда яшаб турган фуқаролар бу масалаларда + 99855 502-44-44 телефон рақамига қўнғироқ қилсалар кифоя.

Буларнинг барчаси пировардида бу муҳим сиёсий тадбирни “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” шиор остида конституциявий қоидалар ҳамда халқаро сайлов андозалари, демократик тамойиллар асосида очиқ-ошкора ўтказишга хизмат қилади.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ

(“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.

(“Халқ сўзи” газетаси, 2019 йил 14 ноябрь)

16.11.2019 75