Ўзбекистонга ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайлов жараёнларини кузатиш буйича тўлақонли миссияси ташриф буюрди

2019 йилнинг 23 ноябридан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайлов жараёнларини кузатиш буйича тўлақонли миссияси иш бошлашни режалаштирмоқда.

Миссияни италиялик Каэтана Де Зулуэта Оутрам бошқаради. Миссия таркибидан сиёсий, сайловлар, юридик ва ОАВ масалалари бўйича экспертлар ўрин олган.

Сайловни кузатиш миссияси сайловни баҳолашда ЕХҲТ мажбуриятлари, демократик сайлов ўтказилишининг халқаро стандартлари ва талаблари ҳамда миллий қонунчиликка таянади. Кузатувчилар сайлов кампанияси тадбирларини, сайлов маъмурияти ва мутасадди ташкилотлар фаолиятини, қонунчиликка риоя қилиш жараёнларини кузатади. Экспертлар сайлов тадбирлари оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилишини мониторинг қилиб боради.

ЕХҲТ ДИИҲБ Кузатувчилари чекланган миссиясининг ўттизга яқин кузатувчиси иштирок этган аввалги парламент сайловларидан фарқли ўлароқ, бўлажак сайловларда уч юзга яқин вакил иштирок этиши кутилмоқда. Сайлов куни кузатувчилар сайлов участкаларининг очилиши, овоз бериш жараёни, овозларни санаш ва унинг натижаларини тақдим қилиш жараёнларини кузатади.

Миссия рахбарияти ва аъзолари 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Марказий сайлов комиссиясида учрашувлари ўтказишни режалаштирган. Шу билан бирга миссия томонидан ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати

23.11.2019 791