Сайловчилар муддатидан олдин овоз бермоқда

Фарғона вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 57-моддасига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишни бошлади.

Мамлакатимизда жорий йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий сайловларга пухта тайёргарлик кўрилди. Хусусан, Фарғона вилоятидаги 1 минг 51 та сайлов участкаларида сайловчиларга овоз бериш учун барча қулай шароит яратилган.

Фарғона шаҳридаги 718-сайлов участкасида “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчилар келиб муддатидан олдин овоз берди.

– 18 декабрь куни турмуш ўртоғим билан бирга умра сафарига кетяпмиз, – дейди Маҳфузулло Раҳмонов. – Шу туфайли 22 декабрь куни овоз беришда иштирок эта олмаймиз. Ўзимиз истиқомат қилаётган ҳудуддаги сайлов участкасига келиб, комиссия аъзоларига ариза билан мурожаат этдик. Мен ўзим танлаган номзод учун овоз бердим.

Гулноза Йўлдошева ҳам Россияга хизмат сафарига кетаётгани учун ўзининг ҳудудидаги 710-сайлов участкасига келиб, миллий қонунчилигимизда белгиланган ҳуқуқидан фойдаланиб, муддатидан олдин овоз берди.

– Бизнинг сайлов участкамизда 966 нафар сайловчи рўйхатга олинган ва уларнинг орасида сайлов куни турли сабабларга кўра шу ерда бўла олмайдиган фуқаролар ҳам бор, – дейди 710-участка сайлов комиссияси раиси Гулбаҳор Алихўжаева. – Аҳоли ўртасида сайлов қонунчилиги юзасидан ўтказилган тадбирлар давомида уларга муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга эканини тушунтирдик. Участкамизда сайловчиларнинг овоз бериши учун барча шароитлар яратилди.

Муддатидан олдин овоз берган сайловчиларнинг бюллетенлари елимланган конвертларда сайлов участкаси комиссиясининг икки нафар аъзоси томонидан имзоланиб, муҳрланди ва сайловчилар имзоси билан тасдиқланди.

Округ сайлов комиссиялари томонидан муддатидан олдин овоз бериш 2019 йил 12 декабрь куни бошланиб, 18 декабрь куни якунланиши тўғрисида қарор қабул қилинган. Сайловчилар ва кузатувчиларга ушбу кунларда соат 9.00 дан 18.00 га қадар участка сайлов комиссияларига мурожаат қилиши мумкинлиги оммавий ахборот воситалари орқали етказилган.

 

М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА

 

12.12.2019 370