Сайлов участкаларида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш масалалари

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ  Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Участка сайлов комиссиялари сайлов участкасидаги сайловчилар умумий сонининг беш фоизи миқдорида сайлов бюллетенларини округ сайлов комиссияларидан муддатидан олдин овоз бериш бошланишига камида уч кун қолганида оладилар.

Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади.

Шуни алоҳида таькидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ участка сайлов комиссияси сайловчидан сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши таъқиқланади.

Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхати кўчирмасига имзо қўяди.

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.

Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради. Конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва овоз берувчининг имзоси билан тасдиқланади.

Сайлов участкаси ҳудудида вақтинчалик яшаётган фуқаролар томонидан муддатидан олдин овоз бериш амалга оширилганда, участка сайлов комиссияси ушбу фуқароларни Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида сайловда иштирок этганлигини белгилаб қўяди.

Участка сайлов комиссиясининг АКТ соҳаси бўйича масъул аъзоси муддатидан олдин овоз берган сайловчини Сайлов жараёнини бошқариш тизимидаги Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан қидириб топади ва муддатидан олдин овоз берганлигини қайд этиб қўяди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари сайловларида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг  57-моддасига асосан Марказий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари сайловини ўтказувчи сайлов округлари ҳудудларида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун  муддатидан олдин овоз бериш 2019 йил 12 декабрь куни бошланиб  2019 йил 18 декабрь куни якунига қадар ўтказиш белгиланган.

Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9-00 дан соат 18-00га қадар деб белгиланди.

Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси котибияти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайлови бўйича  сайлов бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмларини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларига;

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссияси Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгаши депутати сайлови бўйича сайлов бюллетенларини  Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгаши депутати сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларига;

Туман ва шаҳар сайлов комиссиялари Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутати сайлови бўйича сайлов бюллетенларини  Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутати сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларига сайлов округи ҳудудидаги сайловчилар умумий сонининг 5 (беш) фоизи миқдорида сайлов бюллетенларини 2019 йил 7 декабрга қадар етказиб берилишини таъминлади.

Барча округ сайлов комиссиялари томонидан тегишлилигига кўра участка сайлов комиссияларига сайловчилар умумий сонининг 5 (беш) фоизи миқдорида сайлов бюллетенларини участка сайлов комиссияларига 9 декабргача етказилишини таьминланди.

Участка сайлов комиссиялари сайловчиларни муддатидан олдин овоз бериш куни, вақти ва жойи тўғрисида  хабардор қилиб сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш бўйича мурожаатларини ўз вақтида қабул қилади ва муддатидан олдин овоз беришни қонун талаблари асосида ўтказилишини таьминлайди.

Сайловни очиқ ва ошкоралигини ўтказиш тамойилларига мувофиқ  сайловчининг муддатидан олдин овоз бериши жараёнида оммавий ахборот воситалари вакиллари, маҳаллий ҳамда хорижий кузатувчилар томонидан кузатув олиб борилиши мумкин.

Бугунги кунда Республикамизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик идораларида ташкил этилган 55 та сайлов участкасида, шу билан бирга фуқароларимиз гавжум яшайдиган ёки ишлайдиган жойларда ҳам кўчма сайловни ташкил этиш орқали ҳам сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини амалга ошириш учун барча шароитлар яратилган ва зарур тайёргарлик кўрилган.

 

Баҳодиржон Юнусов

Марказий сайлов комиссиясининг

доимий асосда ишловчи аъзоси

12.12.2019 282