Республикамиз ҳудудларида  муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари давом этмоқда

Муддатидан олдин овоз бериш фуқаролар сайлов ҳуқуқини таъминлашнинг муҳим мезони ҳисобланади. Маълумки, сайлов қонунчилигига асосан муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганда бошланади ва уч кун қолганда якунланади.  Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи муддатидан олдин овоз бериши мумкин.

Самарқанд вилоятида тузилган 1052 та сайлов участкаларида сайловчилар муддатидан олдин овоз беришлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилган. Самарқанд шаҳар Сўфи Розиқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи  Ҳабибулла Иброҳимов сайлов куни хизмат сафарида бўлиб, ўз яшаш жойида бўлмаслиги боис ўзи яшаётган ҳудудидаги 56-Регистон сайлов округи ҳудудидаги сайлов участкасига келиб муддатидан олдин овоз берди.

Муҳаббат Сулаймонова, Қурбоной Ёрова ҳамда Назокат Очиловалар ҳам Умра сафарига жўнаб кетаётганлиги учун ўз ҳудудларидаги сайлов участкасига келиб, миллий қонунчилигимизда белгиланган ҳуқуқидан фойдаланиб, муддатидан олдин овоз беришди.

Муддатидан олдин овоз берган сайловчиларнинг бюллетенлари елимланган конвертларда сайлов участкаси комиссиясининг икки нафар аъзоси томонидан имзоланиб, муҳрланди ва сайловчилар имзоси билан тасдиқланди.

Шаҳзод Абдураимов Самарқанд Ветеринария Медицинаси институтининг 4-босқичида таҳсил олади.  У  22-декабр сайлов куни чет элда ўқув амалиётида бўлади. Шу сабабли, муддатидан олдин ўз танлаган номзодига овоз берди. Давлат Бобонов  19-декабрда Гурзияда ўтказиладиган халқаро спорт мусобақасида иштирок этиш учун жўнаб кетади. У ҳам  мамлакатимиз келажаги, юртимизда амалга оширилаётган сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмаган ҳолда муддатидан олдин ўзи муносиб деб билган номзод учун овоз берди.

Шунингдек, Навоий шаҳридаги 48-сайлов участкасидан рўйхатдан ўтган Замира Қаюмова хизмат сафари муносабати билан муддатидан олдин овоз бериш учун участка сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этди. Овоз бериш жараёни Сайлов кодекси тамойиллари асосида ўтказилди. Сайловчи томонидан тўлдирилган сайлов бюлетени участка комиссиялари аъзолари ҳамда сайловчи томонидан тегишли конвертга солиниб, елимланиб, имзо ва муҳр қўйилгач, участка сайлов комиссиясининг сейфига жойлаштирилди. Жараённи ОАВ вакиллари ҳамда халқаро кузатувчилар ҳам кузатиб боришди.

Сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш 18 декабр куни соат 18.00 га қадар давом этади.

12.12.2019 299