Қозоғистонда Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлигига номзодлар учун овоз бериш бошланди

Қозоғистонда 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларга муддатидан аввал сайловлар бошланди, деб хабар бермоқда Kazinform.


“Фуқароларга имкон қадар қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Нур-Султон шаҳридаги элчихонаси томонидан 12-18 декабрь кунлари оралиғида Қозоғистон Республикаси ҳудудларида муддатидан аввал сайловлар ташкил этилaди”, - дейилган хабарда.


Элчихонанинг маълум қилишича, жорий йил 12 декабрь куни Қозоғистон Республикаси Қарағанди ва Жамбил вилоятлари ҳудудида вақтинча ва доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари муддатидан аввал овоз беришни бошлаган.

Қарағандидаги муддатидан аввал сайловлар “Болашақ” академияси (Ерубаев к., 16/6) биносида ва Темиртау шаҳридаги ҚарДИУ (Республика шоҳ кўчаси, 30) биносида ўтказилмоқда. Тараз шаҳрида эса “Шахбаз” МЧЖ биносида (Х.Бектурғанов, 10) сайлов участкаси ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси элчихонасининг маълум қилишича, маҳаллий вақт билан 16:00 да мазкур ҳудудларда 404 нафар ўзбекистонлик фуқаролар овоз беришган. Эртага, 13 декабрь куни Туркистон шаҳридаги Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети биносида (Б.Саттарханов, 29) маҳаллий вақт билан 09:00-13:00 оралиғида муддатидан аввал сайловлар участкаси ташкил қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси Қозоғистонга вақтинча келган ёки доимий тартибда истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларини 2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси элчихонаси биносида бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этишга чақиради. Манзили: Нур-Султон шаҳри, Лайли-Мажнун кўчаси, 7-уй.

 

ЎзА

13.12.2019 254