Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган хабарлар юзасидан

platforma.uz Телеграмм каналида жойлаштирилган хабар бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати қўйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 13-моддасига асосан, Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бошқа сайлов комиссиясининг ёки сиёсий партиянинг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Наврўз Ризаев эса Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси эмас, балки Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати раҳбари лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 37-моддасига мувофиқ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси Наврўз Ризаевни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатган ҳамда Наврўз Ризаев Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 15 ноябрдаги 984-сон қарорига асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан 2019 йил 18 ноябрдан бошлаб мамлакатимизда сайловолди ташвиқотига старт берилди. Шу сабабли, Наврўз Ризаев сайловолди ташвиқотини олиб бориш ва сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш мақсадида ўз хоҳишига кўра берган аризасига мувофиқ 2019 йил 18 ноябрда эгаллаб турган лавозимидан бўшаган. Шу куни, ушбу лавозимга Дилшодбек Назиров ташқи ўриндошлик асосида қабул қилинган.

Агарда, Н.Ризаев ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилмай фаолиятини давом эттирган тақдирда ҳам, унинг Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизматининг раҳбари лавозимида ишлаши Сайлов кодекси талабларига мутлақо зид келмас эди.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 41-моддасига асосан, “Номзодлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радио орқали сўзга чиқиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод бўлиш ҳуқуқига эга”.

Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати барча оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорликка тайёрлигини билдиради. Марказий сайлов комиссиясининг www.elections.uz расмий сайти, t.me/elections.uz расмий телеграм канали ва  “Facebook”  ижтимоий тармоғидаги  www.facebook.com/uzelections , 71-239-15-72 ва 71-239-43-91 телефон рақамлари доимий мулоқотга очиқ.
 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати

13.12.2019 576