Халқаро Матбуот маркази Тошкент вилояти бўлимининг расмий МУНОСАБАТИ

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қибрай туманидаги 417-сайлов участкаси фаолиятида амалдаги қонунчиликка зид ҳолат мавжудлигига доир ахборот тарқалди.

Гап шундаки, халқ депутатлари Қибрай туман кенгашига тумандаги 9-сайлов округидан Ўзбекистон Либерал Демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилган Дилфуза Раҳимова айни пайтда 4-умумтаълим мактаби директори сифатида фаолият юритади. Бу мактабда 417-сайлов участкаси жойлашган бўлиб, бевосита Д. Раҳимованинг қўл остидаги ходими Шоира Абдураззоқова мазкур участка сайлов комиссияси раиси сифатида фаолият юритиб келган. Холбуки, мазкур номзод учун ҳам айнан шу участкада сайлов ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 25-моддасида сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар белгиланган бўлиб, бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партиянинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Халқаро Матбуот маркази вилоят бўлими мазкур участкани ташкил этган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 97-“Қибрай” округ сайлов комиссияси раиси Абдураҳим Нурмуродов билан боғланиб, эътирозли вазиятни ўрганди.

Чиндан ҳам, 417-сайлов участкаси тумандаги 4-умумтаълим мактаби биносида жойлашган ва участка сайлов комиссияси раиси Ш. Абдураззоқова 4-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаши факти тасдиқланган. Айни пайтда 97-“Қибрай” сайлов округи раисининг қарори билан Ш. Абдураззоқова 417-участка сайлов комиссияси раиси вазифасидан озод этилди. Шунингдек,  у мазкур  участка сайлов  комиссияси аъзолигидан ҳам  чиқарилди. Унинг ўрнига Халқ депутатлари туман кенгаши тавсиясига асосан, тумандаги 9-сонли мактабгача таълим муассасаси раҳбари  Н. Магдалиева мазкур участка сайлов комиссияси раиси вазифасига тасдиқланди.

 

Халқаро Матбуот маркази Тошкент вилояти бўлими

15.12.2019 1127