Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари М.Ш.Истамовнинг БРИФИНГ НУТҚИ

Ассалому алайкум ҳурматли матбуот анжумани иштирокчилари!

2019 йил 22 декабрь куни бўладиган парламент сайловларига тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Бугун 17 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш, шунингдек айрим депутатликка номзодларни рўйхатдан чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокама якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари, шунингдек хорижий ва республика миқёсидаги оммавий ахборот воситаларининг бир қатор вакиллари аккредитациядан ўтказилди.

Умуман олганда, жорий йилги сайловларимизда 8 та халқаро ташкилотнинг, яъни ЕХҲТ ДИИҲБнинг 274 нафар, ЕХҲТ ПАнинг 66 нафар, ШҲТнинг 19 нафар, МДҲнинг 182 нафар, Туркий тилли давлатлар ҳамдўстлик Кенгашининг 9 нафар ҳамда Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеясининг 5 нафар, ЕТТБнинг ва Гаага конференциясининг 3 нафар, шунингдек 41 та хорижий давлатларнинг 267 нафар, ЖАМИ 825 нафар кузатувчилари қатнашиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистон сайловлари тарихида энг кўп миқдорни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 22 декабрь куни бўладиган сайловларда 70 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаларининг 99 нафар журналистлари ҳам қатнашади. Буюк Британиянинг BBC, Россиянинг “Россия сегодня” ва ТАСС, АҚШнинг «Bloomberg» ахборот агентликлари, Япониянинг «Nikkei», Франциянинг «Radio France International» ва «L'Opinion», Германиянинг
Наэ Цайтн («Neue Zeiten») журнал ва газеталари шулар жумласидандир.

Ҳозирда халқаро ва хорижий кузатувчилар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш учун ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилди.

Бундан ташқари, бугунги мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 63-Каттақўрғон сайлов округидан “Миллий тикланиш” партиясидан номзод этиб кўрсатилган Шукуров Собир Сайфиевич ҳамда
54-Норин сайлов округидан “Адолат” социал демократик партиясидан номзод этиб кўрсатилган Мавланов Абдували Хайруллаевичларни номзодлик мақомидан маҳрум қилиш масаласи кўриб чиқилди.

Юқорида қайд этилган шахслар ўз ихтиёрлари билан берган аризаларига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар рўйхатидан чиқарилди.

I. Комиссия аъзоларига меҳнат ҳақини тўлаш

170 мингдан ортиқ турли даражадаги округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш учун компенсация тўловлари тўланиши тўлиқ таъминлангани тўғрисида ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан ахборот берилди.

Бунинг учун сайлов кампаниясига ажратилган маблағлардан 70 миллиард 600 миллион сўм сарф қилинди.

Таъкидлаб ўтаман, агарда қайси бир аъзо компенсация пулини олмаган бўлса ёхуд тўланган компенсация пулидан ноқонуний тарзда ушлаб қолинган бўлса, Марказий сайлов комиссиясининг 1197 рақамли “Ишонч телефонига” ёки электрон манзили ёхуд “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги саҳифасига мурожаат қилинг. Ҳар бир мурожаат бўйича тезкор қонуний чора кўрилиши таъминланади.

II. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати маълумотлари

Бугунги кунда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида эълон қилинган сайловчилар сони 20 миллион 503 минг 462 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 10 147 772 нафари эркаклар, 10 355 690 нафари аёл сайловчилардир.

Сайловчиларнинг 1 721 358 нафари ёки 8,4 фоизи хорижий давлатларда тузилган 55 та сайлов участкаларига бириктирилган. Қолган қисми республикамиз ҳудудидаги 10 260 та сайлов участкаларидан бирида овоз беради.

Ҳурматли матбуот анжуман иштирокчилари,

Фуқаролардан Сайловчилар ягона электрон рўйхатидан фойдаланиш борасида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу сабабли қуйидагиларни жамоатчиликка етказишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида изчил ишлар олиб бормоқда.

Жорий сайловларда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими илк маротаба бутун мамлакат миқёсида қўлланилмоқда.

Ушбу тизимларнинг асосий мақсади сайловчиларнинг ҳисобини юритиш
ва уларни автоматик равишда сайлов участкаларига, участкаларни эса сайлов округларига тақсимлаш ҳамда “Бир сайловчи – Бир овоз” тамойилини амалда татбиқ қилиш ҳисобланади.

Ушбу тизим Давлат персоналлаштириш маркази, Ички ишлар вазирлиги, Ергеодезкадастр давлат қўмитаси маълумотлари асосида шакллантирилган. Хусусан, фуқаронинг турар жойи манзили ҳақидаги маълумот Ички ишлар вазирлиги томонидан, фуқаронинг биографик ва чет элга чиққанлиги ҳақидаги маълумотлар Давлат персоналлаштириш маркази томонидан, округ ва участка сайлов комиссияларининг электрон хариталари Ергеодезкадастр давлат қўмитаси томонидан тақдим этилган.

Жорий йилнинг 15 ноябридан бошлаб барча участка сайлов комиссиялари тизимдан ўзларига тегишли сайловчилар рўйхатларни олиб, уларга уйма-уй юриб аниқлик киритиб бордилар.

Ўзбекистонда аҳолининг охирги хатлови 30 йил олдин 1989 йилда қилинган. Умумдавлат миқёсида бунга ўхшаш ягона маълумотлар базаси биринчи маротаба жорий қилинмоқда. Шунинг учун ҳам тизимда айрим ноаниқликлар мавжуд бўлиши мумкин. Бу сайловчининг эски турар жой манзили бўйича рўйхатга олингани, сайлов участкаси нотўғри кўрсатилгани кабилар.

Илгари бундай камчиликлар кўзга ташланмаган, чунки сайловчилар сайлов участкасига боргандагина рўйхатда бор ёки йўқлигини текшириш имкониятига эга бўлган ва бундай ҳолатда ўзини шикоятни бериш имкониятига эга бўлмаган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳозир эса биз сайловчиларга elections.uz, saylov.uz. веб-сайтлари орқали ўзи бириктирилган сайлов участкасини топиш имконини, зарур бўлса ўзгартириш имконини яратганмиз. Фақатгина эслатиб ўтаман бунинг учун 19 декабрь куни участка сайлов комиссиясига мурожаат этишингиз мумкин.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини амалга киритишдан мақсадлардан бири бу рўйхатдаги ноаниқликлар ва хатоларни бартараф қилишдир. Марказий сайлов комиссияда бу масалада штаб тузилган. Биз мурожаатлар асосида хатоларни бартараф қиляпмиз ва Базанинг долзарблигини таъминламоқдамиз.

III. Муддатидан олдин овоз бериш

Ҳозирги кунда муддатидан олдин овоз бериш жараёни давом этмоқда.

12-16 декабрь кунлари натижаларига кўра Ўзбекистон ҳудудидаги сайлов участкаларида 20 479 нафар шахс муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

Бунда энг кўп Қорақалпоғистон Республикасига 2 842 нафар шахс тўғри келмоқда. Энг кам 438 нафар шахс Сирдарё вилоятида муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланган.

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган барча сайловчилар бу ҳуқуқдан фойдаланишлари мумкин.

Шунингдек, 12 декабрдан республикамизнинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхона ва консуллик идораларида тузилган 55 та сайлов участкаларда ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёни давом этмоқда.

Хориждаги участка сайлов комиссиялари сайловчилар зич яшайдиган, ишлайдиган ёки ўқийдиган жойларда кўчма сайлов қутиларида сайёр тартибда муддатидан олдин овоз беришни ташкил қилмоқдалар. 16 декабрь куни овоз бериш натижаларига кўра 62 007 нафар хорижда истиқомат қилаётган фуқаролар муддатидан олдин овоз беришда қатнашдилар.

Муддатидан олдин овоз бериш жараёни яна икки кун давом этади ҳамда
18 декабрь маҳаллий вақт билан соат 18-00 да тўхтатилади.

IV. Сайловолди ташвиқоти мониторинги оралиқ натижалари ҳақида

Марказий сайлов комиссияси ижтимоий тармоқларда айрим депутатликка номзодларнинг плакатларидаги қўпол хатоликлар ҳақида чиққан маълумотларни, уларга нисбатан юртдошларимизнинг билдирган муносабатларини ҳам кузатиб бормоқдамиз.

Марказий сайлов комиссияси тарғибот плакатларида йўл қўйилган бундай камчиликларни кескин қоралайди.

Бу сиёсий партиялар томонидан ҳам, депутатликка номзодлар томонидан йўл қўйилган хатолик эмас, сайловчига бўлган ҳурматсизлик деб баҳолаймиз.

Жорий йил сайловларига шунча катта тайёргарлик кўрилиб, уни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун бутун жамият сафарбар этилган, сайловчиларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданияти юксалиб, талаблари ортиб бораётган бир пайтда бир қарашда арзимас, бироқ инсонни, сайловчини кайфиятига салбий таъсир этиши мумкин бўлган бундай ҳолатларга йўл қўйилишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Бу масалада биз партиялар билан боғландик. Улар камчиликлар бартараф этилгани тўғрисида маълумот беришди. Шунга қарамасдан бу масала ижтимоий тармоқларда анча-мунча муҳокама мавзусига айланиб бўлган эди.

Албатта аминманки сайловчилар сайлов куни бундай ҳолатларга йўл қўйган партия ва номзодларга нисбатан ўзининг кескин муносабатини билдиради.

17.12.2019 435