Марказий сайлов комиссияси Котибият раҳбари Худоёр Маматовнинг Халқаро матбуот марказидаги БРИФИНГ НУТҚИ

Ассалому алайкум ҳурматли Брифинг иштирокчилари!

Ҳурматли Ватандошлар! Азиз телетомошабинлар!

 

2019 йил 22 декабрь куни мамлакатимизда бўладиган катта сиёсий жараён, Мамлакат Парламенти ҳамда Маҳаллий кенгашлар сайловларига тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда.

Бугун 19 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда ташқи ишлар вазирлиги тақдимномасига биноан «Россия» телеканалининг «Вести» ахборот дастурининг 26 нафар оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилди, улар асосан Россия давлатдаги сайлов участкаларида сайлов жараёнлари ташкил этилиши ва ўтказилишини, жумладан овоз бериш жараёнларини кузатиб борадилар.

Шу бугунга қадар аккредитациядан ўтказилган хорижий ОАВ вакиллари 105 нафар бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 131 нафарга етди.

Хабарингиз бор, мамлакатимизда ташкил этилган 10260 та ҳамда хорижий давлатларда ташкил этилган 55 та сайлов участкаларида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига, шунингдек Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 3-декабрдаги 999-сон қарори ва тегишли Округ сайлов комиссияларининг қарорларига мувофиқ 12-декабрдан то 18-декабр соат 18.00 га қадар сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш жараёни ўтказилди.

Жойлардан олинган маълумотларга асосан муддатидан олдин овоз бериш жараёнида мамлакатимиз бўйича 59226 нафар сайловчи ҳамда хорижий давлатларда 89807  нафар сайловчи-Ватандошларимиз иштирок этдилар. Бу мамлакатимиз тарихидаги миллий сайлов тизимида хорижий давлатларда илк бора муддатидан олдин овоз бериш жараёнларининг уюшқоқлик билан ташкил этилганлиги самарасидир. Ҳали олдинда асосий кун, 22-декабр – сайловда овоз бериш куни турганлигини инобатга олсак, хориждаги Ватандошларимизнинг жорий йил сайловларида ниҳоятда фаол ва кўп сонли иштирок этишларининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бундан Ватандошларимиз мамлакатда амалга оширилаётган инсонпарвар ислоҳотлар ва одилона сиёсатдан рози ва қўллаб-қувватламоқдалар деб хулоса қилишимиз мумкин. Албатта бу қувонарли ҳол.

Бу ерда яна бир нарсани алоҳида қайд этиш лозим. Жорий йил сайловларида Марказий сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ илк маротаба хорижий давлатлардаги Ўзбекистон Республикаси элчихоналари ва консуллик идораларидаги 55 та сайлов участкаларидан ташқарида, агар ўша давлат сайлов қонунчилиги ва мутасадди давлат органлари бунга розилик берган бўлсалар, хориж давлатларида гавжум ҳолда истиқомат қилаётган Ватандошларимизнинг ишлаш, ўқиш, яшаш жойларида, муассаса, корхона ёки савдо ташкилотларида ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари ўтказилиб, бизнинг Ватандошларимиз қаерда бўлишидан қатъий назар ўзларининг Конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилди.

Сайлов жараёнини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимидаги Сайловчиларнинг ягона электрон базасидаги маълумотларга асосан ҳамда участка сайлов комиссиялари томонидан уйма-уй юриш орқали сайловчилар рўйхатига аниқлик киритиш натижаларига кўра шакллантирилган маълумотларга мувофиқ Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 150 та сайлов округлари кесимида жами 21 миллионга яқин Сайлов бюллетенлари чоп этилиб, ҳудудлардаги ОСКларига тўлиқ етказиб берилди. Бугун Округ сайлов комиссиялари томонидан Сайлов бюллетенлари ўз ҳудудларидаги тегишли сайлов участкаларига тўлиқ етказиб берилади.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси томонидан ЖАМИ 825 нафар хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари аккредитациядан ўтказилди ва уларга мандатлар топширилди. Улар 9 та халқаро ташкилот ва 41 та хорижий давлатлар вакилларидир.

Хусусан, ЕХҲТ ДИИҲБдан 273 нафар, ЕХҲТ ПАдан 66 нафар, ШҲТдан 20 нафар, МДҲ ва МДҲ ПАдан 182 нафар, Туркий тилли давлатлар ҳамдўстлик Кенгашидан 5 нафар ҳамда Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеясидан 9 нафар, ЕТТБдан 2 нафар, Халқаро ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясидан 1 нафар, хорижий давлатлар дипломатик миссиясидан 27 нафар, шунингдек 41 та хорижий давлатлардан 240 нафар кузатувчилар қатнашиши кутилмоқда.

19.12.2019 401