Сайловлар демократик тамойиллар асосида ўтади

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар янги қабул қилинган Сайлов кодексига мувофиқ умумэътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ташкил этилаётгани билан барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.

Сайлов кампанияси эълон қилинган илк кунлардан мамлакатимизда бўлажак сайловларнинг жамиятимиз тараққиётидаги ўрни, янги қабул қилинган Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти хусусида тарғибот тадбирлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув, давра суҳбатлари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилди. Бу жараёнда сайлов қонунчилигимизда юз берган ўзгаришлар, жорий йилги сайловларда илк марта бешта партия иштирок этаётгани ва партияларнинг тарғибот-ташвиқот тадбирлари, қизғин баҳсларга сабаб бўлаётган дебатларига ҳам сайловчилар бефарқ муносабатда бўлмаётгани кузатилди.

Бу каби ўзгаришлар одамларимизнинг сиёсий онг ва тафаккури, маданияти ўсиб, жамиятда юз бераётган янгиланишларга, ҳар бир воқеага масъуллик ҳисси билан қараётганига яққол далилдир.

Ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган сиёсий кампанияни юқори савияда ўтказиш учун Сурхондарё вилоятида халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияси, Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот марказининг вилоят бўлими барча шароитларга эга замонавий бинода жойлаштирилиб, фаолият юритиши учун зарур шароит яратилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60, туман, шаҳар Кенгашлари сайловини ўтказувчи 409 сайлов округи, 785 сайлов участкаси тузилиб, сўнгги йилларда барпо этилган ёки реконструкция қилинган биноларга жойлаштирилиб, сайловчилар ва комиссия аъзолари учун барча қулайлик яратилди. Замонавий ахборот- коммуникация технологиялари билан жиҳозланиб, яширин овоз бериш учун кабиналар, сайлов қутилари ўрнатилди. Хорижлик, сиёсий партиялар ва ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун тегишли жойлар тайёрлаб қўйилди. Сайлов участкалари жойлашган биноларнинг атрофи ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди.

Жорий йилги сайловларнинг “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилаётганида чуқур маъно мужассам. Зеро, сўнгги йилларда Ўзбекистон дунё ҳамжамиятига тамомила янги қиёфада юз очиб, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва бошқа соҳаларда туб ўзгаришлар содир бўлаётир. Очиқлик, ошкоралик кенг қулоч ёзмоқда. Шунга мос равишда юртимизнинг олис ва чекка ҳудудлари ҳам янги қиёфада бўй кўрсатиб, одамларнинг ҳаёт даражаси ўсиб бораётир.

Мавриди келганда эътироф этиш керакки, сайлов кампанияси даврида ижтимоий тармоқларда сиёсий партиялар ва улар илгари сурган номзодлар ҳақида хилма-хил фикр ва муносабат билдирилаётгани, баъзи номзодлар сайловолди дастурларининг танқид қилинаётгани ҳам бу йилги кампанияни ўта очиқ, ошкора ўтказиш юзасидан белгилаб олинган чора-тадбирларнинг амалдаги самарасидир.

Шу ўринда яна бир нарсани айтиш лозимки, янги қабул қилинган Сайлов кодексида сайловчилар учун қатор енгилликлар берилган. Жумладан, овоз бериш муддати эрталаб соат 8:00 дан кечки 20:00 гача этиб белгиланган. 57-моддасида эса сайлов куни ўз яшаш манзилида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчиларнинг муддатидан олдин ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Сайловчилар учун яратилган мазкур имконият ҳам кенг тарғиб қилиниб, аҳолига тушунтирилди. Сайловга ўн кун қолганда муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан белгиланиб, оммавий ахборот воситалари орқали кузатувчилар эътиборига етказилди. Бунинг натижасида воҳада тўрт мингга яқин сайловчи ўзлари яшаётган ҳудуддаги сайлов участкаларига ариза билан мурожаат этиб, муддатидан аввал овоз бериш имкониятига эга бўлди.

Сиёсий кампаниянинг очиқлик ва ошкоралик руҳида ўтишини жаҳон ҳамжамияти кузатиши учун Термиз шаҳри, Термиз, Музработ ва Сариосиё туманларидаги биттадан сайлов участкасида фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши илк марта онлайн тарзда тўғридан- тўғри намойиш этилади. Бу янги

лик ҳам янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида оғишмай қадам ташлаётгани, кўп миллатли халқимизнинг аҳил, иноқ, мақсадлари муштарак эканини кенг намоён этади.

 

Муҳайё ЖЎРАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси аъзоси,

“Ҳунарманд” уюшмаси

Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи.

20.12.2019 158