Сайлов тизимлари халқаро эксперт маркази президенти Александр Цинкер иштирокида учрашув

Мамлакатимизга жорий йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларида иштирок этиш учун кўплаб давлатлардан халқаро кузатувчилар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг  ташрифи давом этмоқда.

20 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясида  Сайлов тизимлари халқаро эксперт маркази (ICES) президенти, МДҲ ва Шарқий Европа институти директори Александр Цинкер иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида МСК Котибият раҳбари Х.Маматов сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича Марказий сайлов комиссияси ва қуйи сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Такидланганидек, парламент сайловлари сайлов қонунчилигимиздаги янги тартиб, қоидалар билан ўтказилмоқда. Сайлов  кодексига асосан сайлов участкалари, номзодлар, овоз бериш жараёнлари ва  сиёсий партиялар билан боғлиқ янги тартиб ва ўзгаришлар жорий этилди.

Хозирда сайлов кампаниясининг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти ниҳоясига етмоқда. Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратилган.

Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиб, иқтисодий ва ижтимоий жабҳаларда улкан муваффақиятларга эришилмоқда.

Александр Цинкер сайлов тизимининг замон талаблари асосида янгиланиши ва халқаро нормаларга жавоб берадиган Сайлов кодексининг ишлаб чиқилгани ва амалиётга жорий этилгани Ўзбекистоннинг улкан  ютуғи эканини такидлади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

20.12.2019 276