Қирғизистон Республикаси Сайловлар ва референдумларни ўтказиш бўйича марказий комиссияси раиси билан учрашув

20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Маркзий сайлов комиссиясида Қирғизистон Республикаси Сайловлар ва референдумларни ўтказиш бўйича марказий комиссияси раиси Нуржан Шайлдабекова билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг ҳамкорлиги барча йўналишларда, жумладан, сайлов органлари ўртасида ҳам, мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.

Ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда бу йилги сайловларга тайёргарлик ишлари бундан икки йил аввал бошланган эди. Ўтган даврда сайлов қонунчилиги тубдан янгиланиб, миллий тажриба ва халқаро стандартларга мос Сайлов кодекси қабул қилинди. Сайлов жараёнининг барча иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахборот воситалари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари кенгайтирилди. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш тизими йўлга қўйилди. 

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилмоқда. Сайлов жараёнларини тўққизта нуфузли халқаро ташкилотлар, дунёнинг элликка яқин давлатларидан 825 нафар халқаро кузатувчилар ҳамда юзлаб маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг йирик оммавий ахборот воситаларининг вакиллари бевосита кузатиб бораётир.

-“Парламент сайловларига пухта тайёргарлик кўрилганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Сайлов қонунчилигида ҳам бир қатор ўзгаришлар сезилмоқда. Бу йилги сайловларга янги Сайлов кодекси асосида демократик тамойилларга хос тайёргарлик кўрилгани халқаро нормалар ва стандартларга тўла мос келади. Сайловчилар ягона электрон рўйхатининг шакллантирилгани ҳам эътиборга молик жиҳатлардан бири. Умид қиламизки, мамлакатингиздаги ҳар бир фуқаро сайлаш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланиб, Ўзбекистон келажаги учун ўз ҳиссасини қўшади”- деди Қирғизистон Республикаси Сайловлар ва референдумларни ўтказиш бўйича марказий комиссияси раиси Нуржан Шайлдабекова.

Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан ташриф буюрган Қирғизистон Республикаси Сайловлар ва референдумларни ўтказиш бўйича марказий комиссияси вакиллари 22 декабрь куни мамлакатимизда ўтажак сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этади.

Маркзий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

 

 

 

20.12.2019 229