Гулмира Исимбаева: Ўзбекистонда сайловларга юқори даражада ҳозирлик кўрилган

Олий Мажлис Сенатида 21 декабрь куни мамлакатимиз парламент сайловига халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кузатувчиси, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси ўринбосари Гулмира Исимбаева билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувдан сўнг МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кузатувчиси ЎзА мухбирига интервью берди.

– МДҲ Парламент Ассамблеяси Ўзбекистонда сайлов жараёнларини кузатиш учун илк бор ўз делегациясини жўнатди. 37 кишидан иборат кузатувчилар таркиби депутатлар, парламент аъзолари, котибият вакилларидан ташкил топган. Ташриф доирасида кузатувчилар мамлакатингизнинг турли вилоятларида, жумладан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро вилоятларида бўлиб, сайловнинг ўтишини кузатади, бу бўйича ўз баҳоларини беришади.

Бу галги сайловлар қабул қилинган янги Сайлов кодексига мувофиқ ўтмоқда. Шу маънода ушбу жараёнлар Ўзбекистон халқи ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Қайд этиш керак, сайловларга юқори даражада ҳозирлик кўрилган. Ўтган тадбир ва муҳокамалар, дебатларда очиқ баҳс-мунозараларга гувоҳ бўлдик.

Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий янгиланишлар фуқароларнинг қонуний манфаатини ҳимоя қилиш, фаровон турмуш кечиришини таъминлашга қаратилган. Жойларда ташкил этилаётган учрашувларда ҳам маҳаллий аҳоли буни алоҳида қайд этмоқда, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларидан мамнун эканини қувонч билан сўзлаб беряпти.

ЎзА мухбири Саидмурод Раҳимов ёзиб олди

21.12.2019 278