Джон ГРОГАН: Ўзбекистон тўғри ривожланиш йўлини танлаган

Парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Буюк Британия парламенти Лейбористлар партияси аъзоси Джон ГРОГАН ЎзА мухбирига интервью берди.

– Ўн кун олдин Буюк Британияда ҳам сайловлар бўлиб ўтди. Шундан келиб айтмоқчиманки, эртага Ўзбекистонда тарихий кун бўлади. Сайловларга кўрилган тайёргарлик менда юқори таассурот қолдирмоқда. Умид қиламанки, эртанги сайловлар кутилганидек ўтади.

Сайловларда сайловолди ташвиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли сайловолди дебатлар, тарғибот-ташвиқот ишлари аниқ мақсадли дастурлар асосида, ишончли ўтгани мақсадга мувофиқ. Ким ўйлабди дейсиз, бундан беш йил олдин Ўзбекистонда бундай демократик ўзгаришлар бўлади, деб. Эртанги сайловлар ҳам ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда демократик тамойиллар, халқаро стандартлар асосида ўтишига умид билдираман.

Шу билан бирга айтмоқчиманки, келажакдаги сайловларда партиялар сони янада кўпаяди. Бу эса ҳақиқий рақобат муҳитини янада оширади.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон тўғри ривожланиш йўлини танлаганидан далолат. Охирги йилларда Ўзбекистонда минтақавий ҳамда глобал интеграциялашув жараёни бўлди. Бу демократик ислоҳотлар, иқтисодиётни либераллаштириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ҳам ўз самарасини бермоқда. Демократик ислоҳотларнинг боришида ОАВнинг алоҳида ўрни бор.

21.12.2019 190