Фахриддин Қоратоев: Ўзбекистонда бўлаётган яхши ўзгаришларни Қозоғистон халқи ҳам эзгу ният билан қарши олади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси депутати Фахриддин Қоратоев ЎзА мухбирига интервью берди.

– Ўзбекистонга ҳар сафар келганимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни, одамлар қалбидаги қувончни кўрамиз. Чунки Ўзбекистонда жуда катта ислоҳотлар бўлаяпти. Бу йилги сайловлар ўзгача руҳда, янгича тамойиллар асосида ўтиши кутилмоқда.

Халқаро кузатувчиларнинг ўзаро суҳбатида ҳам ана шу ўзгаришлар алоҳида эътироф этилмоқда. Шундай экан бу жараён халқни бирлаштиради, партияларни фаолликка чорлайди. Ўз навбатида, бу йилги сайловлар Ўзбекистон келажагини белгилаб берадиган муҳим сиёсий ҳодиса бўлишига шубҳа йўқ.

Яна бир эътиборли жиҳат, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлардир. Бу сайловларда хотин-қизлар фаоллиги ҳам яққол кўзга ташланаётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Ёшлар ҳам бефарқ эмас.

Биз Қозоғистонда туриб ҳам “Oʻzbekiston-24” телеканали орқали сайловларга тайёргарлик жараёни билан танишиб бордик. Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистонда бўлаётган яхши ўзгаришларни Қозоғистон халқи ҳам эзгу ният билан қарши олади. Чунки қардош халқ сифатида Ўзбекистон эришаётган ютуқлар бизга ҳам бевосита дахлдордир ва бу халқларимизни жипслаштиради.

Мамлакатимиз Президентлари ташаббуси билан 2018 йили Қозоғистонда Ўзбекистон йили нишонланди. Бу йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтаяпти. Бундай тадбирлар маданият, маърифат, тадбиркорлик, инновация каби соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлайди, ёшларимиз дўст бўлишига хизмат қилади.

Эртанги бўладиган сайлов Ўзбекистон халқини бирлаштиришга, мамлакат тақдири учун биргаликда қайғуришга ундайдиган тадбир бўлишига ишонамиз.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА

21.12.2019 169