Сергей Лисовский: Бу галги сайловларда кўп нарса ўзгарди

МДҲ Парламентлараро Ассамблея ҳамда ШҲТ кузатувчи миссияси вакили, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши депутати Сергей Лисовский журналистларга интервью берди:

– Мамлакатингизда бундан олдин ташкил этилган сайловларда ҳам халқаро кузатувчи сифатида қатнашганман. Ўшанда кўплаб участкаларда, хусусан, Тошкент шаҳрида, олий ўқув юртларида, олис туманларда ҳам бўлганмиз. Ўзбекистонда сайловлар қизиқарли кечади, айниқса, ёшлар фаоллиги яққол сезилади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Россиядаги сайлов жараёнларини таққослайман. Ёшларнинг фаоллиги ҳар қандай мамлакат келажагини белгилашда муҳим ўрин тутади.


Ўзбекистон халқи ҳар бир ишни юракдан бажаришни хуш кўради. Шу боис кузатувчиларда фуқароларнинг сайловларда ўзлари хоҳлаган номзодга овоз беришлари билан боғлиқ салбий тасаввурлар бўлишига ишонмайман.

Қолаверса, бу галги сайловларда кўп нарса ўзгарди. Сайловчиларнинг сиёсий онги ошгани яққол сезиляпти. Бу Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар, жумладан, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларини халқаро стандартлар даражасида мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатлар маҳсулидир.

ЎзА

21.12.2019 144