Клод Лебланс: “Янги Ўзбекистонга мос сайловларни кузатиш имконига эгамиз”

Клод Лебланс – француз журналисти. Францияда нашр этиладиган “LʼOpinion” газетаси таҳририятида “Осиё” бўлими мудири ва муҳаррир бўлиб ишлайди.

“LʼOpinion” газетаси – француз тилида чиқадиган навқирон, анча оммабоп, мустақил кундалик ахборот нашридир. Унинг номланиши ўзбек тилида “Муносабат” деган маънони англатади.

“LʼOpinion” газетаси саҳифаларида асосан Европа минтақаси манфаатларига доир масалалар, хусусан, Франция бизнеси ва иқтисодий ҳаётининг кундалик муаммолари либерал қарашлар негизида ёритиб борилади.

Клод Лебланснинг бўлими газета ахборот майдонини Осиё қитъаси янгиликлари билан тўлдириб боради. Бунда Клоднинг бир муддат Япония, Хитой каби минтақанинг етакчи мамлакатларида ишлаб келгани муҳим роль ўйнамоқда.

Клод Лебланс 21 декабрь куни Тошкентга келди. Француз журналисти Ўзбекистонга ташрифи доирасида “Сўнгги йилларда мамлакатда муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётгани туфайли вазият яхши томонга ўзгарган” деган фикрга шахсан гувоҳ бўлганини қайд этди.

– Энг асосийси, ташрифим бошиданоқ янги Ўзбекистонга мос сайловларни кузатиш имконига эга бўлмоқдаман, – деди Клод Лебланс. – Бу сайловлар, умуман олганда, Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли ва шиддатли ислоҳотлар фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли фаровон турмуш кечиришини таъминлашга қаратилган.

К.Лебланс сайловда овоз бериш жараёнларини кузатиш учун тонгда Самарқандга йўл олди.

 

Ғулом МИРЗО

21.12.2019 134