Марказий сайлов комиссияси Раиси ўринбосари Махмуд ИСТАМОВнинг БРИФИНГДАГИ НУТҚИ

 

МСК Халқаро матбуот маркази.

Соат: 17.00. 2019 йил 22 декабрь

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

 

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловида сайловчиларнинг овоз бериш жараёнлари фаол давом этмоқда.

Мазкур сайловларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари юксак сиёсий фаолликни намоён этмоқдалар.

Жойлардан ҳозирги пайтга қадар олинган маълумотларга кўра Ўзбекистон ҳудудидаги 18 797 810 нафар сайловчилардан 12 922 429 нафари ёки 68,7 фоизи овоз берди.

Ҳозирга қадар овоз бериш жараёнлари Ўзбекистон Республикасининг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд ва Ҳиндистондаги, шунингдек Россия Федерациясининг шимолидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида якунланди. Ушбу сайлов участкаларида овоз бериш натижаларини аниқлаш, бюллетенларни санаш жараёнлари бошланган.

Бошқа хорижий мамлакатларда тузилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда.

Эслатиб ўтаман хорижий давлатлардаги сайлов участкаларида 1 697 647 нафар сайловчилар рўйхатга олинган.

 

Ҳурматли пресс-брифинг иштирокчилари!

Марказий сайлов комиссиясига айрим сайлов участкаларида маълум бир қонунбузилишларга йўл қўйилаётгани тўғрисида хабарлар келиб тушмоқда.

Хусусан, 142-Қоракамиш сайлов округидан Олий Мажлис Конунчилик палатисига номзод Досмухамедов Хуршид Набиевич,
23-Мойқўрғон сайлов округидан Тошкент шахар кенгашига номзод Хамидова Камола Тохировна, 10-Аҳил сайлов округидан Олмазор туман кенгашига номзод Шарипова Нодира Тохировналарнинг номзодларини депутат этиб сайланиши бўйича гўёки маҳаллий ижроия ҳокимияти идоралари томонидан сайлов комиссияларига тазйиқ ўтказилаётгани тўғрисида хабарларга Марказий сайлов комиссияси эътибор қаратди.

Зудлик билан мазкур ҳолат юзасидан прокуратура идораларига хабар берилди. Ушбу сайлов округларидаги овоз бериш жараёнининг адолатли ўтиши масаласи Марказий сайлов комиссияси томонидан қаттиқ назоратга олинди.

Ўрганиш натижалари тўғрисида қўшимча ахборот берилади.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бора барча округ ва участка сайлов комиссиялари эътиборига эслатиб ўтамиз:

Сайлов кодексининг 60-моддасига асосан агар сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланган тақдирда тегишли сайлов комиссиялари такрорий сайловни ўтказиш тўғрисида қарор чиқариши мумкин.

Агар жойларда шу каби ноқонуний ҳолатларга йўл қўйилса ва улар тасдиқланса, Марказий сайлов комиссияси томонидан бундай ҳолатларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддасига асосан сайловни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари ёки сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисида Марказий сайлов комиссияси огоҳлантиради.

Худди шундай, депутатликка номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Ҳозиргина Қашқадарё вилоятидаги туман кенгашларига сайловларда номзодлар сайловдан ўз номзодини олиши туўғрисида ариза билан беришга мажбурлангани тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабар берилди.

Ушбу масала ҳам назоратда. Прокуратура идоралари томонидан ўрганилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Сайлов кодексига асосан номзод сайловга қадар исталган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин ва бунга мажбурлаш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

 

Ҳурматли сайловчилар,

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов куни ўтказилган мониторинг натижалари баъзи сайлов участкаларида оилавий овоз бериш ҳолатлари қайд этилганини кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоизки, кўрилган кенг тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамасдан собиқ шўролар замонидан қолиб кетган ушбу салбий амалиётдан ҳали-ҳануз тўлақонли воз кеча олмаганимизни кўрсатмоқда.

Шунинг учун барча фуқаролардан “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўраб қоламиз. Марказий сайлов комиссияси келгусидаги фаолиятида ҳам Ўзбекистон сайлов амалимётида “оилавий овоз бериш” каби салбий жиҳатларни батамом йўқ қилиш юзасидан тизимли чоралар кўришни давом эттиради албатта.

Шунингдек, сайлов бюллетенларини сайлов қутисига ёппасига ташлаб юбориш каби айрим видеолавҳаларга ҳам Марказий сайлов комиссиясининг эътибори қаратилди.

Зудлик билан бундай ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура идораларига мурожаат қилинди.

Ўрганиш натижалари бўйича кейинги матбуот анжуманларимизда ахборот берилади.

Ҳурматли сайлов жараёнининг муҳим иштирокчилари: кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, номзодларнинг ишончли вакиллари,

Қарийиб 2 соатдан сўнг, яъни соат 20.00 да мамлакатимиз ҳудудидаги 10.260 та сайлов участкаларининг барчасида сайловчиларнинг овоз бериш жараёнлари тўлиқ якунланади ва натижаларни аниқлаш жараёни бошланади.

“Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” деган шиор остида ўтаётган мазкур сайловларда фуқароларимизнинг ҳар бир овози инобатга олиниши шарт.

Сайлов натижаларини қалбакилаштиришга қарши курашнинг энг самарали йўли бу – жамоатчилик назоратидир.

Шунинг учун барча сайлов жараёни иштирокчиларидан овозларни санаб чиқиш жараёнида қонун томонидан янада қатъиятлироқ бўлишларини сўраб қоламан.

Эътиборларингиз учун рахмат!

22.12.2019 616