Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломовнинг МАТБУОТ АНЖУМАНИДАГИ НУТҚИ

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари! 

Хонимлар ва жаноблар! 

 

Кеча, 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди. 

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонимиз ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига дадил қадам қўйди. Иқтисодиётимиз ривожланиб, одамларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий онги, фаоллиги тобора юксалиб бормоқда. Давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва ошкораликни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Жорий йилдаги сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  белгилаб берилган вазифаларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Ушбу сайловлар Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларнинг узвий қисмидир.

Бу йилги сайловларга тайёргарлик ишлари бундан икки йил аввал бошланган эди. Сайлов қонунчилиги тубдан янгиланиб, миллий тажрибамиз ва халқаро стандартларга мос Сайлов кодекси қабул қилинди.

Сайлов кодексида сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахорот воситалари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари кенгайтирилди. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш тизими йўлга қўйилди.  

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилди.

Сайловларни нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европа Кенгаши, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеяси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Туркий тилли давлатлар кенгаши  каби ўнта халқаро ташкилотлардан ҳамда элликка яқин давлатлардан 825 нафар халқаро кузатувчи ҳамда 1155 нафар маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг йирик оммавий ахборот воситаларининг вакиллари бевосита кузатиб боргани бунинг далилидир.

Бундан ташқари, сайловларда иштирок этган бешта сиёсий партия ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 70 мингдан зиёд вакиллари ҳам сайловларни бевосита кузатиб борди.

Биринчи марта сайлов жараёнлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги 60та сайлов участкаларига тажриба-синов тариқасида ўрнатилган 120 та видеокамералар орқали онлайн транслация қилинди. Шунингдек, минглаб сайлов участкаларидан журналистлар томонидан теле ва радио репортажлар мунтазам узатиб турилди. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар орқали бутун дунёга намойиш қилинди.

Сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази ва унинг вилоятлардаги филиалларида сайлов жараёнининг барча иштирокчилари учун медиа-майдон яратилди. Уларда юзлаб матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар, учрашувлар ўтказилди. Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раҳбарлари, Олий суди раиси, Бош прокурори, Ички ишлар вазири, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлари, ҳокимлар, ҳудудлардаги сайлов комиссиялари раисларининг ахборотлари тингланди.

Марказий сайлов комиссиясининг saylov.uz ва elections.uz манзиллари бўйича жойлашган расмий веб-сайтига бир ой ичида 120 мингга яқин фойдаланувчи ташриф буюрди. Бундан ташқари, ўз сайлов участкасини аниқлаш хизматидан 118,5 мингга яқин фуқаролар ушбу хизматдан фойдландилар.

Сиёсий партияларнинг номзодлари ҳақидаги маълумотларни билиш учун 33,3 мингга яқин фуқаролар мурожаат қилди. Сайлов участкаларнинг электрон ҳаритасини кўриш юзасидан 11,3 мингга яқин фуқаролар ҳаритадан фойдаланди. Сайлов участкаларидан видео-трансляцияси саҳифасини тахминан 8,3 мингга яқин фуқаролар кузатиб борди.

Бундан ташқари, веб-сайтга келиб тушган 300 тадан ошиқ мурожаатлар қисқа муддатларда кўриб чиқилди ва ҳал этилди. Шу билан бирга ижтимоий тармоқлардан келиб тушган мурожаатларнинг 150 таси ҳам ижобий ҳал этилди. Ушбу мурожаатлар бўйича сайловчини бошқа сайлов участкасидан олиб ўз участкасига бириктириш каби ишлар амалга оширилди.

 

Ҳурматли матбуот анжумани қатнашчилари!

Марказий сайлов комиссияси томонидан 2019 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури қабул қилингани ва изчиллик билан амалга оширилгани сайловларни қонун талаблари асосида, юксак ташкилий даражада ўтказишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Бу йилги сайловларнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири – бу сайловчиларимизнинг фуқаролик масъулияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларга дахлдорлик туйғусининг янада ошганлиги билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларида чет эл билан бирга ҳисоблаганда 13 963 627 нафар сайловчи иштирок этди ва бу сайловчилар умумий сонининг 67,8 фоизидан иборатдир. 

150 минг сайловчи муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди. 

Сайловларда биринчи марта хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун овоз бериш имконияти яратилди. Авваллари фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқароларигина сайловларда қатнашарди.  Қирққа яқин мамлакатда ташкил этилган эллик бешта сайлов участкасида  112 411 сайловчи овоз берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 150 сайлов округининг 128 тасида депутатлар сайланди. Шу жумладан,

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 43 нафар,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан – 35 нафар,

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан – 21 нафар,

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан – 18 нафар,

Ўзбекистон Экологик партиясидан – 11 нафар депутат сайланди. 

Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод депутат этиб сайланган, деб ҳисобланади. 

Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 22 округларда номзодларнинг биронтаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмаганлиги сабабли мазкур округлардан депутат сайланмади. 

Сайлов кодексининг 59-моддасига асосан, агар Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида сайлов округи бўйича икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан ҳеч бири сайланмаса, округ сайлов комиссияси энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз беришни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақда тегишли сайлов комиссиясини ҳамда округ сайловчиларини хабардор этади. Такрорий овоз бериш икки ҳафталик муддатда ўтказилади.

Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайлов бўйича сайловга доир қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги ҳолатлари ҳақида хабар ва маълумотлар тушмади. Лекин, Марказий сайлов комиссиясига сайловчилар ва ижтимоий тармоқлардан сайловларни ўтказиш жараёнига доир ҳолатлар бўйича бир нечта мурожаатлар, ариза ва шикоятлар, шунингдек, қонун бузилиши билан боғлиқ маълумотлар  келиб тушди. Уларнинг барчасини қонунда кўрсатилган муддат ва тартибларда кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. 

Жумладан, 22 декабрь куни Тошкент шаҳр Олмазор тумани “314-сайлов участкаси”да сайловчилар томонидан бир неча сайлов бюллетенини сайлов қуттисига ташлашга ҳаракат қилиш ҳолати тасвирга олинган видеолавҳа” ижтимоий тармоқларда тарқалди. Марказий сайлов комиссияси томонидан Олмазор туманидаги “314-сайлов участкаси” Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловини ўтказувчи “142-Қорақамиш” сайлов округи таркибига кириши аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан зудлик билан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловини ўтказувчи
“142-Қорақамиш” округ сайлов комиссияси тонидан ўрганилиб, натижасига кўра ҳужжатлар Олмазор туман прокуратурасига юборилди.

Шунингдек, “142-Қорақамиш” сайлов округи ҳудудидаги “314-сайлов участкаси”да ўтказилган овоз бериш натижалари ҳақиқий эмас деб топилди. Сайлов округи бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловининг натижаларини чиқаришда мазкур сайлов участкаси натижалари чиқариб ташланган ҳолда бошқа сайлов участкалари бўйича натижалар умумлаштирилди.

Ҳозирги вақтда Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган баённомалар ҳамда бошқа ҳужжатларни кўриб чиқмоқда. 

Сайлов кодексига мувофиқ, зарур ҳолларда – алоҳида участка сайлов комиссияларининг материаллари Марказий сайлов комиссияси томонидан яна бир бор синчиклаб кўриб чиқилади. Фақат шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси сайлов якунлари тўғрисида қарор қабул қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайлов демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолимизнинг ҳаёт ва турмуш даражасини янада юксалтириш, ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга эришиш йўлида халқимиз аҳиллик, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилаётганини яна бир бор намойиш этди. 

Ўтказилган сайловларнинг дастлабки таҳлиллари сайлов кампаниясидаги, қуйидаги бир қатор камчиликларни ҳам кўрсатди:

Тошкент шаҳрида овоз беришда сайловчиларнинг бошқа вилоятлардаги сайловчилар сонига нисбатан пастлиги кузатилди. Бу эса кўпчилик йирик шаҳарлар аҳолисига хос тенденциядир.   

Баъзи сайлов участкаларида “оилавий овоз бериш” ҳолатлари аниқлангани, сайлов бюллетенларига сайловчилар томонидан қўйилган имзоларнинг ўхшашлиги, овоз бериш куни электр энергиясидаги узилишлар сабабли Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхти тизимидани фойдаланишнинг имкони чеклангани,  хусусан, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги бир неча сайлов участкаларида ушбу ҳолат кузатилди.

Биз бўлиб ўтган сайлов кампаниясини ўтказиш билан боғлиқ барча маълумотларни тизимли ўрганиб, тегишли мониторингини юритиб  ва унинг хулосалари юзасидан 2020 йилнинг иккинчи чорагида сайловда иштирок этган халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг кузатувчилари ҳамда экспертлари иштирокида халқаро конференция ўтказишни режалаштирдик.

Ушбу форумда ўтган сайлов жараёнларидаги барча камчилик ва муаммоларни атрофлича таҳлил қилиб, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгилаб олинади.

Эътиборингиз учун раҳмат!

23.12.2019 1846