Жиззахда такрорий овоз беришда сайловчилар фаол қатнашмоқда

Жизззах  вилояти бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун 6 та сайлов округи тузилган эди. 2019 йил 22 декабарда бўлиб ўтган сайловларда улардан фақат битта сайлов округида номзод етарли овоз олиб депутатликка сайланди.

Бугун вилоят ҳудудидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи   5 та –  32-Жиззах, 33-Дўстлик, 35-Ғаллаорол, 36-Пахтакор, 37-Шароф Рашидов сайлов округлари бўйича такрорий сайловлар ўтказилмоқда. 

35-Ғаллаорол  сайлов округи ҳудуди 81 та сайлов участкаси тузилган. Бу участкалардан 61 таси Бахмал, 20 таси Ғаллаорол туманлари ҳудудида жойлашган. 

Ушбу округга қарашли  Ғаллаорол тиббиёт коллежида жойлашган 430-сайлов участкасида такрорий овоз бериш учун сайловчилар эрталабдан  келиб  бошлашди. Овоз бериш  жараёнлари сайлов қонунчилиги талаблари асосида соат 08.00 дан бошланди.

-Участкамизда Ғафур Ғулом  маҳалласида яшовчи 991  нафар сайловчи рўйхатга олинган, — дейди участка сайлов комиссияси раиси Акбар Ўсаров. — Сайлов жараёнларида фуқароларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда ҳар бир сайловчини хабардор қилдик. Сайлов бошланган сўнг ўтган бир соат давомида 265 нафар сайловчи овоз берди. Такрорий овоз бериш жараёнларида ҳам сайловчиларимиз фаол қатнашиб, ўз фуқаролик бурчларини намоён этишмоқда.     

Шунингдек, бугун вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 23 та шаҳар ва туман кенгашларига 80 сайлов округларида такрорий овоз бериш ўтказилмоқда. Вилоят сайлов комиссиясига келиб тушган маълумотларга кўра соат  10.30 да жами рўйхатга олинган  626 мингдан зиёд сайловчининг 121 мингдан зиёди овоз берган.

 

 

05.01.2020 373