Такрорий овоз бериш давом этмоқда

 

Такрорий овоз бериш давом этмоқда


Сурхондарё вилоятида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 76-Шеробод ва 83-Олтинсой сайлов округлари ҳамда 8 та вилоят, 47 та туман ва шаҳар кенгашлари сайловини ўтказувчи сайлов округларида такрорий сайлов бўлиб ўтмоқда.


Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 76-Шеробод сайлов округига қарашли 89 та сайлов участкасида такрорий овоз бериш уюшқоқлик билан бошланди.

 

3.jpg


–Сайлов участкаларимизнинг 43 таси Шеробод ва 46 таси Бойсун туманларида фаолият юритмоқда,–дейди Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 76-Шеробод округ сайлов комиссияси раиси А. Ҳакимов.– Мамлакатимизда янги қабул қилинган Сайлов кодексига мувофиқ такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Бу жараёнда сайловчиларнинг иштирок этиш фоизи ҳисобга олинмайди. Эрта тонгдан сайловчиларимиз кўтаринки руҳда ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, ўзлари танлаган номзодга овоз бермоқда. Бунинг учун барча сайлов участкаларимизда қонунчилигимизга асосан пухта тайёргарлик кўрилди.


Парламентга сайлов ўтказувчи 83-Олтинсой сайлов округи ҳудудида тузилган 65 та сайлов участкасида ҳам сайловчилар такрорий овоз беришда фаол иштирок этмоқда.

 

4.jpg


Олтинсой туманидаги 557 сайлов участкаси 40-умумтаълим мактаби биносида жойлашган. Бу ерда Чинор маҳалласи ва “Вахшивор-2” маҳалласининг Эски қишлоқ ҳамда Сангноқ кўчаларида яшайдиган 2 минг 300 дан ортиқ сайловчи иштирок этиши кўзда тутилган. Такрорий сайловни ўтказиш сайлов қонунчилиги талаблари асосида ташкил этилиб, ҳар бир сайловчи белгиланган тартибда хабардор қилинди.


– Сайлов–ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган сиёсий кампания,–дейди Чинор маҳалласида яшовчи М.Абдуллаев.– Бешта сиёсий партиядан парламентга кўрсатилган номзодларнинг биронтаси етарли овоз олмагани учун ўтказилаётган такрорий сайловда ҳам фуқаролик бурчимни бажардим. Ўзим танлаган номзодни ёқлаб овоз бердим. Бу ҳолатни мамлакатимизда кейинги пайтда кечаётган ошкоралик ва демократик жараёнлар самараси, деб биламан.

 

5.jpg


Бугун вилоятдаги 300 га яқин сайлов участкасида сайловчилар ўз фуқаролик бурчини намойиш этиб, номзодлар учун такрорий овоз бермоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА мухбири

05.01.2020 133