Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатларнинг 48 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 декабрдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округларида биринчи турда ғолиблар аниқланмаганлиги учун, яъни бирорта ҳам номзод сайловчиларнинг 50 фоизидан кўп овозини ололмагани сабабли ушбу сайлов округларида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг энг кўп овозларини олган номзодлар ўртасида такрорий овоз беришни ўтказиш 2020 йил 5 январь кунига белгиланган эди.

Кеча 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округларидаги 1 730 та сайлов участкасида такрорий овоз бериш бўлиб ўтди.

Бунда 3 147 079 нафар фуқаролар Сайловчилар рўйхатига киритилган бўлиб, улардан 1 978 048 нафари такрорий овоз беришда иштирок этди.
Бу такрорий овоз беришда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 62,8 фоизини ташкил этади.

Хабарингиз бор, Сайлов кодексининг 59-моддасига мувофиқ такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.

Такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Такрорий овоз бериш жараёнини депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан жами 5 мингдан ортиқ кузатувчилар кузатиб борди.

Илгари, Марказий сайлов комиссияси томонидан 125 та сайлов округларидан номзодлар Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган деб топилиб, рўйхатга олинган эди. Булар:

– Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 42 нафар;

– Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 34 нафар;

– Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 20 нафар;

– Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 18 нафар;

– Ўзбекистон Экологик партиясидан 11 нафар депутатга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати мақоми берилган эди.

Ҳозирда Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига такрорий овоз бериш ўтказилган 25 та округ сайлов комиссияларининг сайлов округи бўйича сайлов натижалари тўғрисидаги баённомалари ва қарорлари тақдим этилди.

Ҳурматли Раис, комиссия аъзолари,

2020 йил 5 январь куни бўлиб ўтган такрорий овоз бериш натижалари бўйича Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилган 25 та округ сайлов комиссияларининг такрорий овоз бериш натижалари тўғрисидаги баённомалари ва қарорларига асосан:

– Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 15 нафар номзодидан 11 нафари;

– Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 11 нафар номзодидан 2 нафари;

– Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 9 нафар номзодидан
4 нафари;

– Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 10 нафар номзодидан 4 нафари;

– Ўзбекистон Экологик партиясининг 5 нафар номзодидан 4 нафари Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайландилар.

Сайлов якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар қуйидагича (экранда кўриш мумкин) депутатлик ўринларига эга бўлдилар:

1. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 53 та депутатлик ўрни;

2. “Миллий тикланиш” демократик партияси – 36 та депутатлик ўрни;

3. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 24 та ўрин;

4. Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 22 та ўрин;

5. Ўзбекистон Экологик партияси 15 та ўринни эгаллади.

Маълумки, 2019 йил 10 декабрь куни янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилиши таъкидланган. Ушбу қонунга мувофиқ Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси эга бўлди.

Депутатларнинг сифат таркибига келадиган бўлсак, Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатларнинг 48 нафари ёки қарийб учдан бир қисмини хотин-қизлар, 39 нафарини ёки 26 фоизини олдин ҳам Қонунчилик палатаси депутати бўлганлар ташкил этади.

Эътиборли жиҳати номзод этиб кўрсатилган амалдаги 42 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан 39 нафари қайта сайланган бўлса, 3 нафари етарли овоз тўплай олмаган. Бу ҳам миллий сайлов тарихимиздаги илк бор кузатилаётган ҳолат.

Депутатларнинг 9 нафари ёки 6 фоизи 30 ёшгача, 97 нафари ёки 65 фоизи 30 ёшдан 50 ёшгача бўлганлар ҳамда 44 нафари ёки 29 фоизи 50 ёшдан катта ёшдагилар. Энг ёш депутат 26 ёшда. Энг ёши улуғ депутат 71 ёшда. Депутатларнинг ўртача ёши 46 ёшни ташкил этмоқда.

Ўзбек миллатига мансуб депутатлар 130 нафар ёки 87,0 %ни, бошқа миллат вакиллари – 20 нафар ёки 13 %ни ташкил қилади. Улардан қорақалпоқ ва рус миллатига мансублар 5 нафардан, қозоқ ва тожик миллатига мансублар
3 нафардан, корейс миллатига мансублар 2 нафарни ҳамда 1 нафардан туркман ва қирғиз миллатига мансуб депутатлар ташкил қилади.

Бу ҳам янги парламентимизнинг байналминаллигини ва парламент майдонида барча миллат вакиллари манфаатлари ифодаланишини тасдиқлайди.

Мутахассислиги ва ихтисослиги бўйича энг кўп фан-таълим соҳаси вакилларидир. Улар депутатларнинг 32 нафари ёки 21,3 фоизини ташкил этмоқда.

Шунингдек, депутатларнинг 23 нафари банк, молия ва иқтисод соҳаси вакиллари, 21 нафардан ҳуқуқшунослар ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари, 12 нафари қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, 9 нафардан тиббиёт соҳаси ҳамда қурилиш, коммуникация, транспорт ва алоқа соҳаси вакиллари, 7 нафари тадбиркорлар, 6 нафари ОАВ вакилларидир.

Энди 2014 йилги сайлов натижалари билан солиштирадиган бўлсак,
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси етакчиликни сақлаб қолган.

Демакки сайлов натижалари мамлакатимизда Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотларни халқимиз якдиллик билан қўллаб-қувватлаётганини ёрқин намоён этди.

Шунингдек, эътиборли жиҳати Халқ демократик партияси 2014 йилги сайлов натижаларига нисбатан 5 та депутатлик ўрнини бой берган ва парламентдаги партиялар ичида 4-ўринга тушиб кетган.

3-ўрин эса “Адолат” социал демократик партиясига насиб этди. Улар депуталик ўрнини 20 тадан 24 тагача оширишга муваффақ бўлишди.

 

Махмуд Истамов

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари  

 

06.01.2020 1138