Сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларига оид халқаро конференция

Тошкентда 21 декабрь куни “Парламент сайловини ўтказишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва ривожланган демократик давлатлар тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ташаббуси билан Марказий сайлов комиссияси ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз парламенти Сенати аъзолари, депутатлар, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари, давлат идора ва ташкилотлари, илмий доиралар, халқаро кузатувчи сифатида таклиф этилган 30 дан зиёд хорижий давлат, МДҲ, ШҲТ, ЕИ, ЕТТБ каби нуфузли ташкилотлардан 100 дан зиёд вакил иштирок этди.

 

3.jpg

 

Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раисининг ўринбосари Иляс Умаханов сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, бу йилги парламент сайловлари янгиланган мамлакат ҳаётида сўнгги йиллардаги энг муҳим ижобий ўзгаришлардан бири. Ўзбекистоннинг барқарор демократик жамият барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Сайлов жараёнида 10 та нуфузли халқаро ташкилот, дунёнинг 41 давлатидан жами 800 дан зиёд халқаро кузатувчилар, сиёсатшунослар, таҳлилчилар, ОАВ вакиллари ва бошқа мутахассислар иштирок этаётгани бунинг исботидир.

 

12.jpg


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қисқа давр ичида сайловга оид 21 та ҳуқуқий ҳужжат илк бор ягона Сайлов кодексига бирлаштирилди. Унга киритилган 30 дан ортиқ янги қоидалар демократик сайловлар ўтказишни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди. Бу йилги сайлов илк бор ана шу кодекс асосида, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтмоқда.

Конституцияда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиши асосий сиёсий ҳуқуқлардан бири сифатида белгиланган. Чунончи, Бош қомусимизнинг тегишли моддаларида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга ошириши назарда тутилган.

 

15.jpg


Шунингдек, Конституцияга мувофиқ, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди. Бу қоида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш давлат зиммасида эканини англатади. Шунга асосан, давлат сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тизимини яратади ва такомиллаштиради, уларнинг қатъий бажарилишини таъминлайди, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини бузган шахслар жавобгарлиги юзасидан чоралар белгилайди.

Ҳаракатлар стратегиясига кўра, ишлаб чиқилган фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини таъминлашни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, 2019 йил 4 сентябрда қабул қилинган қонунга мувофиқ, Конституциянинг тегишли моддасига ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга сайлаш ҳуқуқи берилишини назарда тутадиган норма киритилди. Шу муносабат билан қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлиги Сайлов кодексида мустаҳкамлаб қўйилди. Бўлажак сайловларда озодликдан маҳрум этилган 1 минг 905 нафар шахс ўзининг сайлаш ҳуқуқидан фойдаланади. Бу, ўз навбатида, сайловларни янада демократлаштириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини кучайтириш борасида муҳим қадам бўлди.

 

16.jpg


– Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида кўпгина соҳалар қатори қонун устуворлиги ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасида ҳам сўнгги уч йилда сезиларли ютуқларга эришилганини алоҳида қайд этиш керак, – деди Буюк Британия Консерватив партияси форуми раҳбари Жон Хейворд. – Мамлакатингизда демократик жамият барпо этиш йўлидаги ҳар бир қадам халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиб, мамнуният билан қарши олинмоқда.

Барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Экологик ҳаракат учун махсус ўрин ажратиш амалиётидан воз кечилди. Эндиликда Қонунчилик палатаси, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади.

 

11.jpg


Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларига ҳам сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқи берилганини юқори баҳолади. Марказий сайлов комиссияси, сайлов ҳамда референдумлар ўтказиш бўйича вилоят, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар яратилгани, сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизими жорий этилиб, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати яратилгани алоҳида қайд этилди.

– Ўзбекистон қонунчилигида “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” дея қайд этилган тамойил менда катта таассурот қолдирди, – деди Ханьян университети Осиё-Тинч океани тадқиқот маркази директори Ом Гу Хо. – Ушбу назарияни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатда фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Шу маънода, парламент томонидан қабул қилинган Сайлов кодекси бу йилги демократик сайловлар учун ишончли ҳуқуқий ва институционал асос бўлишига ишончим комил.

 

16.jpg


Фуқароларнинг сайлов эркинликлари бузилгани ҳақида шикоят қилиш ҳуқуқи, судга шикоят қилиш имкониятининг таъминланиши уларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади ва сайлов соҳасидаги халқаро стандартларга мос келади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида сайловга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи алоҳида боб ажратилган. Сайловни ташкил этиш, уни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун, сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларини амалга оширилишига тўсқинлик қилганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида ҳам жавобгарликни белгиловчи нормалар бор.

 

19.jpg


Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишининг конституциявий-ҳуқуқий кафолатлари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Японияда парламент сайловларини ўтказишнинг умумий ва ўзига хос хусусиятлари, Германия сайлов тизими, электорат билан ўзаро алоқаларни тартибга солинишида Буюк Британия тажрибаси, Корея Республикасида парламент сайловларини ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Муҳокамаларда Ўзбекистонда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминловчи ҳамда халқаро демократик тамойиллар ва стандартларга тўла мос келадиган самарали янги ҳуқуқий база яратилгани қайд этди.

 

25.jpg


Конференция доирасида билдирилган фикрлар ва таклифлар сайлов тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришда, халқаро сайлов стандартларини, қонунчиликдаги ижобий халқаро тажрибани Ўзбекистон, шунингдек, бошқа мамлакатлар сайлов амалиётига жорий этишда қўл келишига ишонч билдирилди.

 

27.jpg

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА

21.12.2019 131