Малайзиялик халқаро кузатувчи: Ўзбекистондаги сайлов жараёнидан ўзим учун жуда кўп нарса олдим

Бухоро вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган овоз бериш жараёни қизғин давом этяпти. Биз Бухоро шаҳридаги 31- сайлов участкасида худди шунинг шоҳиди бўлдик.

— Сайловда илк бор овоз беряпман, — дейди Абдурауф Фитрат маҳалласида истиқомат қилувчи Нигора Набиева.— Ҳозиргина ўзим маъқул деб топган номзод учун овоз бердим. Сайлов участкасида яратилган қулайликлардан фойдаланиб, номзодларнинг фаолияти, таржимаи ҳоли билан яна бир карра танишиб чиқдим. Атайин қизиқиб кўрдим. Сайлов участкамиз бўйича биринчи марта овоз бераётган 36 нафар йигит-қиз бор экан. Улар орасида биринчи бўлиб овоз берганимни айтишди. Ўйлайманки, сайловда ғолиб чиққан номзодлар жамиятимиз равнақи учун куч-ғайратларини сарфлашади, биз, ёшларга камарбаста бўлишади.

— Участкамизда жами 1157 кишининг овоз бериши кўзда тутилган, — дейди сайлов участка комиссияси масъул котиби Феруза Авезова. — Уч фуқаро муддатидан олдин овоз берганди. Етти нафар ногиронлиги бўлган фуқаронинг эса уйига бориб, махсус қути воситасида овоз бериши учун имконият яратяпмиз. Участкамизда бошқа сайлов участкаларидан фарқли тарзда у ёки бу шахснинг фуқаролигини аниқловчи идентификатор ишлаб турибди. У сайловчини электрон рўйхатдан ўтказиб, фуқаролигини тасдиқлаб беради.

Сайлов жараёнини кўплаб халқаро кузатувчилар синчковлик билан кузатиб боришяпти. Улардан бири малайзиялик халқаро кузатувчи Тан Сри Расстам Моҳд Исадир.

— Мен юртингиздаги сайлов жараёни демократик тамойиллар асосида шаффоф ўтаётганига ишонч ҳосил қилдим, — дейди у. — Хусусан, 31-сайлов участкасида тажриба тариқасида идентификаторнинг ўрнатилгани мен учун кутилмаган янгилик бўлди. Малайзиядаги сайловларда бунақасини учратган эмасман. Қолаверса, сизларда овоз бериш жараёни ниҳоясига етгач, сайлов қутиси шу участканинг ўзида кузатувчилар иштирокида очилар ва овозлар ҳисоб – китоб қилинар экан. Менга, агар хоҳласам, шу жараёнда ҳам қатнашишим мумкинлигини билдиришди. Бу сайловлар шаффофлигини таъминлаш нуқтаи назаридан менга маъқул тушди. Малайзияга борганимда Ўзбекистондаги сайловларнинг очиқлиги, шаффофлигини таъминлашдаги бу каби усуллар юзасидан таклифларимни ўртага ташлайман. Сайлов жараёнидан ўзим учун жуда кўп нарса олдим.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи” мухбири

22.12.2019 32