ШҲТ миссияси Ўзбекистонда сайловлар муваффақиятли ўтганини эътироф этди

ШҲТ миссияси Ўзбекистонда сайловлар муваффақиятли ўтганини эътироф этди

 

Халқаро матбуот марказида ШҲТ кузатувчилари миссияси иштирокида пресс-брифинг бўлиб ўтди.


ШҲТ Бош котиби ўринбосари, ШҲТ кузатувчилар миссияси раҳбари Се Сяоюн миссия 15 йилдан бери фаолият юритаётгани, миссия таркибида Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Хитой, Покистон, Тожикистон каби давлатлардан 20 кузатувчи борлигини айтиб ўтди.

ШҲТ миссияси аъзолари Ўзбекистондаги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларни кузатиш учун 2019 йил 16 декабрь куни келган.


Сайлов кунига қадар миссия кузатувчилари сайловга тайёргарлик жараёнлари билан танишган. Маърузачининг қайд этишича, Ўзбекистон давлати томонидан сайловнинг демократик талаблар асосида ўтиши учун барча зарур шарт-шароит таъминлаб берилган. Сайловгача бўлган жараёнда халқаро стандартларга мувофиқ келадиган, сайловга оид бир неча қонунларни яхлитлаштирган Сайлов кодекси қабул қилинди. 


Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов билан боғлиқ барча ташкилий ишлар яхши амалга оширилган.

Миссия вакиллари Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Самарқанд, Бухоро вилоятларидаги турли сайлов участкаларида бўлиб, тайёргарликни ҳам, сайлов қандай ўтказилганини ҳам бевосита кузатган. 


Сайловчиларнинг эркин овоз бериши учун барча имкониятлар яратилганини, айниқса имконияти чекланган шахсларга ҳам зарур шароитлар таъминлангани эътиборга лойиқ. Хорижий давлатлардаги фуқароларга ҳам овоз бериш учун максимал қулайлик яратилган. Муддатидан олдин овоз бериш учун ҳам зарур ишлар қилинган. 


Сайлов куни муҳрланган сайлов қутилари, сайлов участкаларида видеокузатув йўлга қўйилганига бевосита гувоҳ бўлдик. 


Аҳоли сайловларда фаол иштирок этди. Миссия кузатувчиларига сайловдан олдин ҳам, сайлов куни ҳам ҳеч қандай эътироз ва шикоятлар билдирилмади.

ШҲТ вакили Ўзбекистонда сайловлар шаффоф, демократик тарзда муваффақиятли ўтганини эътироф этар экан, халқимизни бу ютуқ билан табриклади.

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА

23.12.2019 32